Сурхондарёда алиментдан қочиб юрган отадан 70 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик тўлиқ ундирилди (Видеофакт)
Оила муқаддас даргоҳ, бироқ ҳаётда турли сабабларга кўра ажримлар содир бўлмоқда. Афсуски, бу жараёнда энг кўп жабр кўрадиганлар — вояга етмаган фарзандлардир. Сурхондарёда ўз фарзандлари олдидаги моддий масъулиятдан бўйин товлаб келган отага нисбатан қатъий чора кўрилиб, йирик миқдордаги алимент маблағи ундирилди.
Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича суд қарорига асосан, қарздор ота икки нафар вояга етмаган қизининг моддий таъминоти учун ҳар ой маълум миқдорда алимент тўлаши белгиланган эди. Бироқ, ота оилавий келишмовчиликларни баҳона қилиб, узоқ вақт давомида тўловларни амалга оширмай келган.
Давлат ижрочилари томонидан бир неча бор огоҳлантиришлар берилишига қарамай, қарздор ота масъулиятни ҳис қилмаган. Натижада, аввалроқ унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига асосан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган эди.
Бироқ, жазо муддатини ўтаб чиққандан кейин ҳам қарздор тегишли хулоса чиқармаган ва тўловларни кечиктиришда давом этган. Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари томонидан олиб борилган қатъий ижро ҳаракатлари ва тушунтириш ишлари натижасида, қарздор ота икки қизи учун тўланиши керак бўлган жами 70 миллион сўмлик алимент қарздорлигини тўлиқ тўлаб берди.
Ҳозирда ундирилган маблағлар фарзандларнинг таъминоти ва эҳтиёжлари учун онасига топширилган.
