Франциянинг стратегик хатоси 76 млрд еврога тушди
2004 йилда Франция ҳукумати мамлакат олтин захираларининг катта қисмини сотишга қарор қилган эди. Ўша йили давлат захирасидаги 589 тонна олтин, яъни умумий захиранинг қарийб 20 фоизи, бозорга чиқарилди.
Ҳукумат бу қарорни «олтин даромад келтирмайдиган актив» экани билан изоҳлаган. Расмийларга кўра, давлат маблағларни янада фойдали молиявий воситаларга йўналтириши лозим эди. Натижада Франция бюджетига олтин сотувидан 4,67 миллиард евро маблағ келиб тушган.
Бироқ вақт ўтиши билан ушбу қарорнинг салбий оқибатлари намоён бўла бошлади. Орадан йигирма йилга яқин вақт ўтгач, жаҳон бозорида олтин нархи кескин ошди. Бугунги кунда 1 килограмм олтин нархи 137 минг евродан ошган, 2004 йилда сотилган 589 тонна олтиннинг умумий қиймати эса тахминан 81 миллиард еврога тенг.
Шу тариқа, Франция ушбу қарор орқали қарийб 76 миллиард евро потенциал даромаддан маҳрум бўлган. Иқтисодчилар буни мамлакат тарихидаги энг муваффақиятсиз молиявий қарорлардан бири сифатида баҳоламоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, олтин қисқа муддатда даромад келтирмаса-да, у узоқ муддатли молиявий барқарорликни сақлаш, инфляция ва иқтисодий инқирозлардан ҳимояланиш учун муҳим восита ҳисобланади. Ушбу ҳолат давлат активларини бошқаришда стратегик сабр ва узоқни кўра билиш қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.
