Қора жинси — меъёр, кўк жинси — муаммо!..
Шимолий Корея ҳақида гап кетганда, кўпчилик уни қатъий қоидалар ва эркинликлар чекланган давлат сифатида тасаввур қилади. Ҳақиқатдан ҳам, бу мамлакатда ҳатто кундалик кийим танлаш ҳам давлат қарашлари билан боғлиқ.
Дунёнинг кўп жойларида жинси шим қулай ва оммабоп кийим саналади. Аммо КХДРда унинг ранги инсоннинг жамиятга қай даражада мос эканини кўрсатувчи омил сифатида қабул қилинади.
Пхеньянда нега кўк жинси деярли кўринмайди?
Қора ранг — тартиб ва итоат тимсоли
Шимолий Кореяда қора жинси шим энг мақбул танлов ҳисобланади. Расмий қарашларга кўра, қора ранг ортиқча эътибор тортмайди, сокин ва жиддий кўринади. Бу эса жамиятда ажралиб турмаслик, умумий қоидаларга бўйсунишни англатади.
КХДРда шахсий услубдан кўра, жамоага мослашиш муҳимроқ. Шу боис қора жинси одамларни бир хил қиёфада ушлаб туриш, индивидуалликни камайтиришга хизмат қилади.
Кўк жинси нега ман этилади?
Кўк деним давлат томонидан мутлақо бошқача қабул қилинади. У Ғарб маданияти, айниқса Америка билан боғлиқ рамз сифатида қаралади. Кўк жинси эркинлик, шахсий танлов ва мустақил фикрни ифода этади, бу эса Шимолий Корея мафкурасига зид.
Расмий доиралар ҳатто кийим орқали ҳам ташқи ғоялар одамлар онгига сингиб кетишидан қўрқади. Шу сабабли кўк жинси кийиш мафкуравий хавф сифатида баҳоланиб, жазога олиб келиши мумкин.
Бошқа рангдаги жинсиларга муносабат қандай?
Асосий тамойил оддий: кўзга ташланмаслик. Ёрқин ёки ноодатий ранглар тартибга зид ҳисобланади. Айрим ҳолларда кулранг ёки ҳаворанг жинсиларга йўл қўйилиши мумкин, аммо энг ишончли ва хавфсиз вариант сифатида қора ранг устун қолади.
Шимолий Кореядаги кундалик ҳаётга оид яна бир қатор чекловлар
Бу мамлакатда ҳаёт фақат кийим билан чекланиб қолмайди. Қатор бошқа ноодатий қоидалар ҳам мавжуд:
Соч турмаги танлови чекланган. Давлат тасдиқлаган рўйхат асосида аёллар учун тахминан 18 та, эркаклар учун эса янада камроқ вариант мавжуд. Сочни бўяш тақиқланган, фақат оқарган сочни қорага бўяшга рухсат бор.
Телевидение белгиланган соатларда. Эфир доимий эмас, асосан тушдан кейин ишга тушади ва фақат давлат каналлари намойиш этилади.
Кино ва мусиқа қаттиқ назоратда. Хорижий, айниқса Жанубий Корея маҳсулотларини томоша қилиш ёки сақлаш оғир жазога сабаб бўлиши мумкин.
Саёҳат қилиш эркин эмас. Мамлакат ичида ҳаракатланиш учун ҳам, четга чиқиш учун ҳам махсус рухсат талаб этилади. Пхеньянда яшаш эса ҳаммага насиб этавермайди.
Интернет ўрнига ички тармоқ. Оддий фуқаролар глобал интернетдан фойдалана олмайди, улар учун фақат “Кванмён” номли маҳаллий тармоқ мавжуд.
Жамоат одоби устувор. Катталарга ҳурмат қатъий талаб қилинади: улар турганида ўтириб қолиш ёки меҳмон олдида ялангоёқ юриш ноодоблик саналади.
Иссиқ сув камёб. Кўплаб уйларда иссиқ сув тизими йўқ, шу боис жамоат ҳаммомлари кенг тарқалган.
Узр сўраш одат эмас. Кўчада кимнидир тасодифан уриб кетиш ҳолатида узр сўраш ўрнига сукут сақлаш маъқул кўрилади.
