OneID орқали шахсий маълумотлар устидан назорат кучайтирилди

OneID орқали шахсий маълумотлар устидан назорат кучайтирилди

Энди фуқаролар ўз шахсий маълумотларини қайси ташкилотларга тақдим этиш ёки чеклаш масаласини мустақил равишда бошқариши мумкин.

Маълумотларга кўра, OneID орқали банк, молия, суғурта, телекоммуникация ва бошқа тизимларга шахсий маълумотларни фақат фойдаланувчининг розилиги асосида бериш ёки тақиқлаш имконияти мавжуд.

Бунинг учун фойдаланувчи id.egov.uz сайти орқали тизимга кириб, ЭРИ ёки Mobile-ID ёрдамида «Шахсга доир маълумотларни бошқариш» бўлимида тегишли хизматни фаоллаштириши керак. Шу ерда ташкилотлар рўйхатида қулф белгиси орқали маълумотларга рухсат бериш ёки уни чеклаш мумкин.

Қайд этилишича, OneID тизимига QR-код орқали кирилганда мазкур бўлим автоматик тарзда фаоллашади. Бунинг учун мобил қурилмага OneID иловасини юклаб олиб, Mobile-ID ёки MyID орқали авторизациядан ўтиш ва компьютер экранидаги QR-кодни сканерлаш кифоя.

Мутахассислар маълумотларга киришни чеклаш кибержиноятчиликдан ҳимояланишда самарали чора эканини таъкидлаб, фойдаланувчиларни рақамли хавфсизлик масалаларига масъулият билан ёндашишга чақирмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: