Самарқандда ҳибсда сақланаётган собиқ “райгаз” бошлиғи вафот этди
Кеча, 21 февраль куни соат 17:35 ларда Каттақўрғон тумани 7-сонли Тергов ҳибсхонасида сақланаётган Каттақўрғон тумангаз таъминоти корхонасида фаолият юритган собиқ бўлим бошлиқларидан бири соғлиги ёмонлашганлиги сабабли Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб бориш вақтида соат 18:00 ларда вафот этган.
Марҳумнинг вафоти “2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари” оқибатида юзага келган. Баданида ҳеч қандай жароҳат излари аниқланмаган. Маълумот ўрнида, 18 февраль куни ҳам айбланувчи касаллиги сабабли тиббиёт бирлашмасига олиб чиқилиб, бу ҳақда акасига хабар қилинган ва уларга шифохонада қўшимча равишда учрашув ташкил этилган. Айбланувчи муолажалардан сўнг 20 февраль куни ҳибсхонага қайтарилган. Ҳозирда ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.
