Олий тоифали педагогларга уй-жой сотиб олиш учун субсидия берилади
Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2026-йилдан бошлаб камида 15 йил иш стажи ва олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга, 60 ёшгача бўлган педагогларга қайта молиялаштириладиган ипотека кредити учун бошланғич тўловнинг 25 фоизини бюджетдан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
МУҲИМ МАЪЛУМОТ: таълимнинг барча босқичидаги ташкилотларда, жумладан, мактаб, академик литсей, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаблари, олий таълим ташкилотларида ишлаётган педагоглар субсидия олиши мумкин.
Субсидия бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиш учун ажратилади. Бунинг учун бюджетдан ҳар йили 200 млрд сўмгача маблағ йўналтирилади.
Бунда субсидия ариза берувчининг доимий яшаш жойидаги уй-жойларни харид қилиш учун ажратилади. Ягона истисно: Тошкент шаҳрида яшовчиларга Тошкент вилоятидаги уйларни харид қилишга ҳам субсидия берилади.
Аризалар Давлат хизматлари марказлари ва Ягона портал (мй.гов.уз) орқали бепул қабул қилинади.
Ариза берувчининг қуйидаги маълумотлари текширилади:
- ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида расмий никоҳ тузилгани;
- улар номида икки ва ундан ортиқ мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд эмаслиги;
- камида 15 йил иш стажига эгалиги ва айни вақтда фаолият юритаётгани;
- олий малака тоифасига эгалиги;
- кредит тарихи банклар талабларига мослиги;
- аввал эр-хотиндан бири уй-жой учун субсидия олмагани.
