Минг афсуски, вафот этди!..
Жорий йилнинг 25 февраль куни соат 10 синф ўқувчиси BMW’да уриб кетган Йўл-патруль хизмати ходими вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 25 февраль куни 21:48 ларда Тошкент шаҳрида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров 10-синф ўқувчиси бўлган вояга етмаган ҳайдовчи бошқарувидаги BMW русумли автомашинанинг уриб юбориши оқибатида ҳаёти учун оғир тан жароҳатларини олган. 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган ички ишлар органлари ходими кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди.
“Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва кўп сонли шахсий таркиби Тошкент шаҳри ИИББ ЖХХ ЙҲХБ Йўл-патруль хизмати бригадаси 2-батальони 4-сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори кичик сержант Эшназаров Хосилбек Бекназар ўғлининг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади”, дейилади хабарда.
Кичик сержант Хосилбек Эшназаров 2022 йилдан ички ишлар органларида фидокорона хизмат қилган. Унинг ортидан қадрли ота-онаси, суюкли аёли, 2 нафар ўғил ва 1 нафар қиз фарзандлари қолди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган эди.
