АҚШ ва Буюк Британия Эронга қарши санкциялар жорий этди
Вашингтон ва Лондон Эроннинг бир неча жисмоний ва юридик шахсларини Исроилга қарши ҳужумлар уюштиргани учун санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден маълум қилди.
“Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда Исроилни ҳимоя қилдик. Биз уларга бу ҳужумни қайтаришга ёрдам бердик. Ва бугун биз янги санкциялар ва экспорт назоратини жорий қилмоқдамиз”, — деди Байден.
АҚШ Ғазначилиги сайтида 16 киши ва 11 юридик шахсга нисбатан санкция қўйилгани айтилади.
Президент санкциялар рўйхатига Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси, Эрон Мудофаа вазирлиги ҳамда Эрон ҳукуматининг ракета ва дронлар дастурига алоқадор жисмоний ва юридик шахслар киритилганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Буюк Британия ҳукумати веб-сайти қироллик санкциялар рўйхатига “Эронга минтақада беқарорлаштирувчи фаолиятни амалга оширишга рухсат берган” етти нафар жисмоний ва олтита юридик шахсни қўшгани ҳақида хабар беради.