Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
19 апрель куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда олийгоҳнинг асосий буюртмачи ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда 200 дан ортиқ бошқа корхона ва ташкилотлар (тижорат банклари, суғурта компаниялари, хусусий сектор ташкилотлари, уюшмалар) ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад ТДИУ талабалари ва университетни тамомлаётган ёш мутахассислар билан корхона, ташкилотлар вакилларининг жонли мулоқотини ташкил этиш, мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар бериш ва талабаларнинг бандлигини таъминлашдан иборат.
2022-2023 ўқув йилида Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган битирувчиларнинг 98,5% нинг бандлиги таъминлаган. Жорий ўқув йилида институтни 8000 га яқин битирувчи талабалар тамомлайди. Мазкур битирувчиларни иш ўринларига тақсимоти тўлиқ амалга оширилган бўлиб, ҳозирги кунда 3-курс талабаларини иш ўринларига тақсимлаш ишлари амалга оширилмоқда. Маълумот ўрнида “Карьера куни” меҳнат ярмаркасида университетнинг 5000 га яқин талабалари иштирок этди.
Шунингдек, иш берувчи корхона ва ташкилотлар масъул ходимлари ўз фаолиятини ёритувчи кўргазмали жиҳозлар ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан қатнашди ва талабалар билан ишга қабул қилиш бўйича танловлар ўтказди. Мазкур танловларда муваффақиятли ўтган 120 нафар талабага ташкилотларнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисида сертификатлари тақдим этилди.
Бундан ташқари, танловларнинг биринчи босқичида иштирок этган 3000 нафар талабаларнинг маълумотномалари (обективкалари) иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари томонидан ўрганиш учун олиниб, натижалари тўғрисида маълумот бериши таъкидланди. Мазкур тадбирда талабалар ва университет битирувчилари ишга жойлашиш борасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топишди, хусусан, иш берувчи корхона ёки ташкилотдаги мавжуд вакант ўринлар, у ердаги меҳнат ва маиший-маданий шарт-шароитлар, иш ҳақи миқдорлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиш имконияти эга бўлишди. Ўз навбатида тадбирда қатнашган корхона ва ташкилотлар ҳам талабалар билан бевосита суҳбат ўтказиш, ўзларига зарур бўлган кадрларни ишга танлаб олиш ва ўзаро манфаатли шартномалар ва келишувлар расмийлаштириш имкониятига эга бўлишди.
ТДИУ ахборот хизмати