Инстаграмда махфий суҳбатлар учун фойдаланмаслик маслаҳат берилмоқда
Instagram ижтимоий тармоғи 2026 йил 8 майдан бошлаб чатлардаги «учидан-учига шифрлаш» (end-to-end encryption) тизимини қўллаб-қувватлашни тўхтатишини эълон қилди.
Платформанинг маълумотлар марказида эълон қилинган хабарга кўра, ҳимояланган чатлардан фойдаланувчиларга барча ёзишмалар ва медиафайлларни олдиндан сақлаб қўйиш тавсия этилмоқда. Шифрлаш тизими ўчирилгандан сўнг, ушбу маълумотларга кириш имкони йўқолиши мумкин. Meta компанияси тез орада маълумотларни сақлаб олиш бўйича кўрсатмаларни бевосита чат интерфейсига қўшишга ваъда бермоқда.
Ўзгаришларнинг асосий сабаблари нимада?
Экспертларнинг фикрича, Meta компаниясининг бу қарори иккита асосий омил билан боғлиқ:
Қонунчилик талаблари: Ғарб давлатлари, хусусан, Европа Иттифоқининг «Chat Control» ва Буюк Британиянинг «Online Safety Act» қонун лойиҳалари доирасидаги босимлар. Бу ҳужжатлар давлат идораларига хавфсизлик мақсадида фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини мониторинг қилиш имконини беришни кўзда тутади.
Сунъий интеллектни ўқитиш: Компания фойдаланувчиларнинг маълумотларидан ўз нейротармоқларини (AI) такомиллаштириш ва ўқитиш учун фойдаланиш ниятида.
Таъкидлаш жоизки, аввал ҳам ички шикоят тизими орқали айрим хабарлар корпорацияга шифрланмаган ҳолда етиб бориши мумкин эди. Эндиликда эса бу жараён тизимли тус олади.
Ахборот хавфсизлиги соҳаси мутахассислари фойдаланувчиларга Instagram’даги шахсий ёзишмаларга худди «оммавий очиқ маълумот» сифатида қарашни ва махфий суҳбатлар учун бу платформадан фойдаланмасликни маслаҳат бермоқдалар.
