Марям Узерли: «Эзворишдида. Бунинг устига хомиладор бўлсам! Кетаманда! Нима ўтказиб қўйган жойлари бормиди?!»

Марям Узерли: «Эзворишдида. Бунинг устига хомиладор бўлсам! Кетаманда! Нима ўтказиб қўйган жойлари бормиди?!»

“Муҳташам юз йил” сериалидаги Хуррам Султон образи орқали кенг оммага танилган актриса Марям Узерли лойиҳани нима сабабдан тўсатдан тарк этгани ҳақида илк бор очиқчасига гапирди.

Актриса “Aleko in my bag” шоусида меҳмон бўлиб, ўша даврдаги оғир руҳий ҳолати ва қарор ортидаги ҳақиқий сабабларни баён қилди. Унинг айтишича, сериалдан кетишига асосий омил — ҳомиладорлик даврида юзага келган кучли руҳий ва жисмоний чарчоқ бўлган.

“Орадан йиллар ўтиб, бу ҳақда хотиржам гапира олаяпман. Ўшанда ўзимни гўёки роботдек ҳис қилардим. Доим ҳаммани қониқтиришга, ишни мукаммал қилишга интилар эдим. Ўзимга: ‘Сен машинасан, ишлашинг шарт’, деб босим ўтказардим”, — дейди актриса.

Унинг сўзларига кўра, бундай босим остида ишлашни давом эттириш имконсиз бўлиб қолган. Съёмка майдончасини тарк этгач, у узоқ вақт ўзини айбдор ҳис қилган ва тушкунликка тушган. Фақат яқинлари қўллаб-қувватлаши орқали бу ҳолатдан чиқиб кетган.

Шунингдек, Узерли муҳим бир жиҳатга аниқлик киритди: унинг сериални тарк этиши молиявий масалалар ёки продюсерлар билан келишмовчиликлар билан боғлиқ бўлмаган. Аксинча, у жамоа билан яхши муносабатларни сақлаб қолган.

Бугунги тажрибасига таяниб, актриса ўша пайтда бошқача йўл тутса ҳам бўлишини тан олди. Унинг фикрича, ишни тўхтатмасдан туриб ҳам шахсий муаммоларга ечим топиш мумкин эди.

Интервью давомида актриса мухлислардан узр сўрашни ҳам унутмади. У томошабинларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунишини айтди:

“Мен ҳам бир пайтлар севимли сериалимда қаҳрамон алмашганида жуда хафа бўлганман. Шунинг учун мухлисларимни тўлиқ тушунаман”, — дейди у.

Шу билан бирга, Узерли ўз ўрнини эгаллаган актриса Ваҳиде Перчин ҳақида илиқ фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Ваҳиде нафақат кучли актриса, балки ажойиб инсон ҳамдир.

Эслатиб ўтамиз, Марям Узерли лойиҳани тарк этганидан сўнг Хуррам Султон образини Ваҳиде Перчин давом эттирган. Дастлаб томошабинлар бу ўзгаришни совуққонлик билан қабул қилган бўлса-да, кейинчалик янги ижрони ҳам юқори баҳолашган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: