Испания Бош вазири Хитойни глобал етакчиликни фаолроқ қўлга олишга чақирди
Мамлакат Бош вазири Педро Санчес Пекинга ташрифи чоғида Хитой иқлим ўзгариши, хавфсизлик ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилишда янада муҳимроқ рол ўйнаши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, АҚШ кўплаб фронтларда ўз етакчилик позициясини тарк этаётган бир пайтда, Европа ва Хитой глобал барқарорлик учун масъулиятни ошириши лозим.
Испания Бош вазири Пекинни Ливан, Ғазо ва Украинадаги можароларни тўхтатишда фаол иштирок этишга чақириб, Хитойни иқтисодий рақиб эмас, балки стратегик иттифоқчи деб атади. Шунингдек, ташрифдан кўзланган асосий мақсадлардан бири — Испаниянинг Хитой билан савдодаги 50 миллиард долларлик дефицитини камайтириш ва ўзаро иқтисодий алоқаларни мувозанатлаштиришдир. Мадрид қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари экспортини ошириш орқали Хитойдан келаётган катта ҳажмдаги импорт босимини юмшатишга умид қилмоқда.
Эртага Педро Санчес Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашиб, асосий геосиёсий ва иқтисодий масалаларни муҳокама қилиши кутиляпти.
