«Мени жияним ўлдирди!..»

«Мени жияним ўлдирди!..»

Бани Исроил орасида жуда бой, катта мол-мулк эгаси бўлган бир киши бор эди. У қариб, ёши улуғайиб қолганди.
Унинг жиянлари эса унинг ўлимига кўз тикиб, меросини эгаллашни орзу қилар эдилар.
Бу истак шу даражага етдики, улардан бири жуда катта жиноятга қўл урди: тун қоронғусида амакисини хиёнат билан ўлдирди.
Сўнг жасадини одамлар тўпланадиган жойга олиб бориб ташлади. Айтилишича, у бошқа бировнинг эшиги олдига ташлаб, айбни унга ағдармоқчи бўлган.
Эрталаб одамлар бу воқеадан хабар топиб, ҳайратга тушдилар, ўзаро тортишиб, низо чиқардилар.
Қотил бўлган жиян эса ўзини ғамгин қилиб кўрсатиб, гўё адолат талаб қилаётгандек юрар, одамларни алдар эди.
Шунда баъзилар дедилар: “Нега тортишасизлар? Ораларингизда Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссалом бор-ку! Унинг олдига бормайсизларми?”
Шундан кейин жиян Мусо алайҳиссаломнинг олдига бориб, амакисининг қотилини топиб беришни сўради.
Мусо алайҳиссалом қавмига мурожаат қилиб:
“Ким бу қотил ҳақида бирор нарса билса, айтсин”, дедилар.
Лекин ҳеч кимда аниқ маълумот йўқ эди. Шунда улар Мусодан Аллоҳга дуо қилиб, қотилни аниқлаб беришни сўрадилар.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло ваҳий қилди: “Сизларга бир сигир сўйишни буюради”. Улар ҳайрон бўлиб:
“Биз билан ҳазиллашяпсизми?” дедилар. Мусо алайҳиссалом:
“Мен жоҳиллардан бўлишдан Аллоҳга паноҳ тилайман”, деб жавоб бердилар.
Агар улар шу пайтда исталган сигирни сўйганларида, иш битар эди. Лекин улар ортиқча саволлар бериб, ишни оғирлаштирдилар.
Шу сабабли Аллоҳ ҳам уларга талабни қийинлаштирди.
Аввало сигирнинг ёшини сўрадилар. Жавоб: у жуда қари ҳам эмас, жуда ёш ҳам эмас — ўрта ёшли.
Кейин ранги ҳақида сўрадилар.
Жавоб: ёрқин сариқ, кўрган одамни хурсанд қиладиган рангда.
Кейин яна сўрадилар.
Жавоб: у ишлатилмаган, ер ҳайдамаган, суғоришда фойдаланилмаган, айбсиз ва рангига бошқа ранг аралашмаган бўлиши керак.
Шунда улар: “Энди тушундик”, дедилар. Лекин барибир қийинчилик билан уни топдилар. Бундай сигир фақат ота-онасига яхши хизмат қилувчи бир йигитда бор эди. Уни жуда катта пул — ҳатто оғирлигича олтин бериб сотиб олдилар.
Сигирни сўйгандан кейин, Аллоҳнинг буйруғи билан ўлган одамни унинг бир бўлаги билан урдилар.
Шунда Аллоҳ уни тирилтирди.
У тирилиб: “Мени жияним ўлдирди”, деди. Кейин яна вафот этди.
Шу билан ҳақиқат очилди, қотил фош бўлди.
Бу воқеа Аллоҳнинг буюк қудратига далил бўлди.
Аллоҳ таоло айтди: “Шу тарзда Аллоҳ ўликларни тирилтиради ва сизларга Ўз оятларини кўрсатади, шояд ақл юритсангизлар”.
Ибн Касир, “Ал-Бидоя ва-н-Ниҳоя”.
Дўстларингизга ҳам юборинг: