Виждоннинг ўлими

Виждоннинг ўлими

Бугун инсонийлик мезонлари ўзгариб кетди. Кимдир бошига мусибат тушиб, энг азиз буюмини бозор айлантириб юрса, ичимиздаги «тадбиркор» уйғониб кетади.

«Муҳтожнинг кўзёши — сизнинг фойдангизми?»

— «Ака, бошимга оғир иш тушди, пулга жуда муҳтожман. Шунинг учун арзонга беряпман, бўлмаса сотмасдим…» — дейди у мўлтираб.

Сиз эса… Сизнинг чўнтагингизда имконингиз бор. Балки ўша сўралаётган сумма сиз учун бир кечки зиёфатнинг пулидир. Лекин сиз: «Биродарим, буни сотманг, баракаси учмасин. Мана, эҳтиёжингизга яраша қарз бериб турай, муаммонгизни ҳал қилиб олинг», демайсиз. Нафс жиловни қўлга олади.

Сиз ўша буюмни арзонга «уриб» қоласиз ва кейин дўстлар даврасида керилиб мақтанасиз:

«Фалончи мажбурликдан сотаётган экан, сув текинга туширдим!»

Сиз буни «бировнинг ҳожатини чиқариш» деб атайсиз. Аслида эса бу — ўзганинг чорасизлиги устидан қурилган кичик ва жирканч ғалабадир.

Жамиятнинг асл башараси

Энг даҳшатлиси бу эмас. Энг даҳшатлиси — сизни эшитиб турганларнинг реакцияси. Улар ўша муҳтож одамнинг аянчли ҳолига ачинмайдилар. Уларнинг ичини бошқа бир алам ўртайди: «Эҳ, эртароқ билганимда ўша молни ўзим олардим-а…»

Бугунги кунимизнинг аччиқ ҳақиқати шу. Биз бировнинг йиқилганига эмас, унинг чўнтагидан тушиб қолган тангани бошқа биров илиб кетганига куядиган бўлдик.

Хулоса ўрнида

Дину диёнатдан ваъз айтишга, одамийликдан лоф уришга, катта давраларда «адолат» ҳақида гапиришга ҳаққимиз бормикин? Ҳаётимизнинг мана шундай майда, лекин виждонни фош қилувчи чизгилари бор экан, баландпарвоз гаплар шунчаки ниқобдир.

Бировнинг мажбурлигидан фойдаланиб келган бойлик — барака эмас, балки елкадаги қарздир. Одамийлик сотиладиган буюм эмас, у — синов келганда кўрсатиладиган жасоратдир.

Муаллиф: Дилфуза Комил

Дўстларингизга ҳам юборинг: