Украина урушида Россия томонидан ҳалок бўлган ҳарбийлар сони қарийб 500 мингга етди
Россиянинг Украина урушидаги жами йўқотишлари (ўлганлар ва бедарак йўқолганлар) сони — 353 мингдан 504 минг нафаргача етиши мумкин. Россия ҳудудлари ичида Бошқирдистон ва Татаристон энг кўп йўқотишга учраган минтақалар сифатида қайд этилмоқда. Бу ҳақда “BBC Рус хизмати” ва “Медиазона” нашри журналистлари очиқ манбалар асосида ўтказилган суриштирув натижасига кўра маълум қилди.
Россия таркибидаги автоном республика ҳисобланувчи Бошқирдистонда Украинадаги урушда ҳалок бўлганлар сони 9500 нафардан ошди, Татаристонда эса 8 мингдан кўпроқ. Мазкур икки ҳудуд бўйича тасдиқланган қурбонларнинг умумий сони 18 116 кишини ташкил этди, бу Совет Иттифоқининг 10 йил давом этган Афғонистон урушидаги жами йўқотишларидан (расмий маълумотларга кўра, 15 мингдан ортиқ ҳарбий ҳалок бўлган) қарийб 20 фоизга кўп.
Шунингдек, Россия армияси офицерлар таркиби ҳам сезиларли йўқотишларга дуч келмоқда. Босқин бошланганидан буён 7143 нафар офицернинг ҳалок бўлгани тасдиқланган. Улар орасида 494 нафар подполковник, 164 нафар полковник ва 15 нафар генерал ҳам бор.
Украина урушида ҳалок бўлган 216 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийнинг шахси тасдиқланди, уларнинг учдан бир қисми кўнгиллилардир.
Мутахассислар очиқ манбаларга асосланган ҳисоб-китоблар реал йўқотишларнинг фақат 45–65 фоизини қамраб олиши мумкинлигини айтмоқда. Шунга кўра, Россия томонининг йўқотишлари аслида 353 мингдан 504 минг нафаргача бўлиши мумкин.
