Ла-Манш ва Наманганни боғлаган сир

Ла-Манш ва Наманганни боғлаган сир

Жерси ороли Британияга қарашли бўлса-да, Иккинчи жаҳон уруши даврида Буюк Британиянинг фашистлар томонидан босиб олинган ягона ҳудуди эди. Гитлер бу оролларни “Европа девори”нинг ажралмас қисмига айлантиришни буюрган. Шу мақсадда оролга 2000 га яқин совет ҳарбий асирлари ва мажбурий ишчилар олиб келинган. Улар ўта оғир шароитларда, тош ва бетон билан ишлаб, фашистлар учун мустаҳкам истеҳкомлар қуришга мажбурланган.

Ана шу асирлардан бири – маҳаллий аҳоли орасида шунчаки “Том” номи билан танилган, асли наманганлик Боқижон Акрамов эди.

1943 йилда Боқижон нацистлар лагеридан қочишга муваффақ бўлади. Очликдан ҳолдан тойган ва чорасиз қолган аскар фермерлар Жон ва Филлис Ле Бретонлар эшигини тақиллатади. Ўша пайтда асирларни яшириш ўлим билан баробар эди. Масалан, жерсилик Луиза Гоулд исмли аёл бошқа бир совет қочқинига бошпана бергани учун сотиб юборилган ва Равенсбрюк концлагеридаги газ камерасида қурбон бўлган эди.

Бироқ Ле Бретонлар хавфга қарамай, Томни ўз оила аъзосидек қабул қилишди. У икки йил давомида уларнинг уйида яшириниб яшади. Оила унга боғланиб ҳам қолганди.

«У бизнинг азиз Том амакимиз эди, уни жуда яхши кўрардик. Унинг сурати ҳамон каравотим ёнида туради», – деб эслайди бугун 90 ёшни қаршилаётган Далси Ле Бретон.

Урушдан кейинги сукунат

1945 йил 9 майда Жерси озод этилгач, Боқижон СССРга қайтарилди. У йўл-йўлакай Жерсига учта хат ёзишга улгурди, бироқ шундан сўнг алоқа бутунлай узилди. Ўша давр сиёсатига кўра, асирликда бўлган совет аскарлари “хиёнатчи” сифатида шубҳа остига олинар, кўпчилиги НКВД филтрлаш лагерларига жўнатиларди. Баъзиларига охир-оқибат оддий ҳаётга қайтишга рухсат берилди. Бироқ кўпчиликка “ишончсиз” тамғаси босилиб, ишда ва мансабда кўтарилишда тўсиқларга дуч келди ва доимий шубҳа остида яшади.

Боқижон Акрамов Наманганга қайтгач кўп йиллар давомида оддий боғбон бўлиб ишлади ва бошидан кечирганлари ҳақида деярли гапирмади. У 1996 йилда, ўз оиласи даврасида вафот этди.

80 йилдан кейинги ҳақиқат

Узоқ йиллар давомида Жерси тарихчилари ва Ле Бретонлар оиласи “Том”нинг кимлигини билишга уринишди. Фақат BBC Рус ва ўзбек журналистларининг қўшма суриштируви натижасида, архив ҳужжатлари ва имловий изланишлар орқали унинг шахси аниқланди. Журналистлар Намангандаги хонадонлардан бирининг эшигини тақиллатганда, уларни Боқижоннинг набираси Шамсиддин Охунбоев кутиб олди.

Жерсидаги Далси ва Намангандаги Шамсиддин ўртасида ташкил этилган видеоқўнғироқ икки оила учун ҳам кўз ёшларга бой тарихий воқеа бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати инсонийлик ва жасорат тимсоли бўлган бу воқеага бефарқ қолмади. Президент фармони билан Жон ва Филлис Ле Бретонлар (вафотидан сўнг) “Дўстлик” ордени билан тақдирландилар.

Мукофотни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов Жерси оролида Далси Ле Бретонга топширди. Элчи таъкидлаганидек, бу мукофот халқ дипломатиясининг рамзи бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги инсоний ришталар чегара ва вақт билмаслигини исботлайди.

Мақола BBC ва википедия маълумотлари асосида тайёрланди

Дўстларингизга ҳам юборинг: