Наманганда 11-синф ўқувчиси унаштирилган йигити томонидан пичоқлаб ўлдирилди
Наманган вилоятининг Косонсой туманида 11-синф ўқувчиси бўлган қиз пичоқлаб ўлдирилди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг “Дарё”га маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи ушланган.
Ижтимоий тармоқларда қизнинг битирув оқшоми учун тиктирилган кўйлаги унаштирилган йигитига ёқмагани сабаб келишмовчилик чиққани, шу сабабли йигит пичоқ билан қизга тан жароҳати етказиб, ўлдириб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Бош прокуратура берган расмий маълумотга кўра, воқеа 6 май куни соат 08:30 ларда содир бўлган. 28 ёшли Н.М. ўзи билан унаштирилган 18 ёшли қиз Қ.И. билан рашк туфайли ўзаро жанжаллашиб, уни ўлдириш мақсадида ёнида бўлган пичоқ билан қизнинг кўкрак ва қорин қисмига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказиб воқеа жойидан кетиб қолган.
Оқибатда қиз олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи чиқиб, ҳодиса жойи кўздан кечирилган ҳамда далилий ашёлар олинган, тегишли экспертизалар тайинланган.
