Ҳантавирус хавфи Ўзбекистонга етиб келдими?
Шу кунларда дунёнинг айрим мамлакатларида ҳантавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилаётгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бироқ Ўзбекистонда ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари ҳозирча аниқланмаган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабековнинг маълум қилишича, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор бўлиб қолмоқда.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳантавирус билан боғлиқ хавотирли ҳолат йўқ. Вазият тўлиқ назорат остида”, — дея таъкидлайди мутахассис.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ушбу инфекция коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ва глобал пандемия хавфини туғдирмайди.
Вирус ҳақида қисқача
Ҳантавируснинг дунёда 20 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг фақат айримлари инсон учун хавфли ҳисобланади. Касаллик кўпроқ Осиё, Европа ҳамда Лотин Америкасининг айрим ҳудудларида учрайди. Аргентина, Чили ва Бразилия каби давлатларда эса нисбатан кўпроқ қайд этилади.
Вирус асосан кемирувчилар орқали тарқалади. У одамга уларнинг пешоби, ахлати ёки сўлаги билан ифлосланган буюмлар, чанг ёки озиқ-овқат орқали юқиши мумкин. Шунингдек, зарарланган муҳитда узоқ вақт бўлиш ҳам хавфни оширади.
Белгилари ва хавфи
Касаллик одатда тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш ҳамда мушак ва қорин оғриқлари билан намоён бўлади. Оғир ҳолатларда эса буйрак етишмовчилиги ва нафас олиш тизимида жиддий асоратлар кузатилиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳозирча ҳантавирусга қарши махсус вакцина мавжуд эмас. Даволаш эса асосан симптомларга қараб амалга оширилади.
Ўзбекистондаги ҳолат
Мамлакатда ҳозиргача ҳантавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Санитария хизмати томонидан вирусологик мониторинг ишлари мунтазам олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли учун бир қатор профилактик тавсиялар берилган: шахсий гигиенага амал қилиш, уй-жой ва иш жойларини тоза сақлаш, озиқ-овқатни тўғри сақлаш, мева-сабзавотларни яхшилаб ювиш ҳамда кемирувчилар кўпайиши мумкин бўлган жойларни мунтазам тозалаш.
Эндемик ҳудудлардан қайтган фуқаролар эса ўз соғлиғи ҳақида оилавий поликлиникаларга маълумот бериши тавсия этилади.
Айни пайтда республикада 53 та чегара назорат пункти орқали санитария-эпидемиологик хавфсизлик қатъий назорат қилинмоқда.
