Жазога тортилди!..

Жазога тортилди!..

Эшшак йўлбарсга қараб:
— Ўтнинг ранги кўк-а? — дебди.
Йўлбарс ҳайрон бўлиб:
— Йўқ, ўтнинг ранги яшил, — деб жавоб берибди.
Шу тариқа улар ўртасида катта баҳс бошланибди. Ҳеч қайсиси фикридан қайтмабди. Охири адолатни қарор топтириш учун ҳайвонлар подшоҳи — Шернинг ҳузурига боришибди.
Ҳали Шернинг ёнига етиб бормасларидан, Эшшак узоқдан туриб бақира бошлабди:
— Эй Шоҳим! Айтингчи, ўтнинг ранги кўк эмасми?
Шер хотиржамлик билан:
— Ҳа, ўтнинг ранги кўк, — дебди.
Эшшак хурсанд бўлиб кетиб, янада баландроқ овозда давом этибди:
— Сизнинг вазирингиз бўлмиш Йўлбарс эса мен билан баҳслашиб, ўтни яшил деяпти. Мени жиғибийрон қилди. Унга бир жазо берсангиз!
Шер бироз ўйланиб туриб:
— Йўлбарсга 3 йил сукут сақлаш (гапирмаслик) жазоси берилади! — деб ҳукм чиқарибди.
Эшшак ўз ғалабасидан сакраб-сакраб, «Ўтнинг ранги кўк! Ўтнинг ранги кўк!» дея шодланиб, ўз йўлига равона бўлибди.
У кетгач, Йўлбарс хафа бўлиб Шердан сўрабди:
— Эй Шоҳим, ахир сиз ҳам ўтнинг яшил эканлигини жуда яхши биласиз-ку? Нега унда мени жазоладингиз?
Шер кулимсираб шундай жавоб берибди:
— Сенинг жазо олишингга ўтнинг рангини алоқаси йўқ. Савлатли, ақлли ва шундай кучли Йўлбарс бўла туриб, эшшак билан баҳслашишга вақт сарфлаганинг учун сени жазоладим. Бундан ташқари, шундай аниқ ҳақиқатни кўра-била туриб, мени бу бемаъни савол билан безовта қилганларинг учун ҳам шу жазога лойиқсан.
Дўстларингизга ҳам юборинг: