УЙДИРМА АВЛИЁЛАР ФАБРИКАСИ

УЙДИРМА АВЛИЁЛАР ФАБРИКАСИ

Қаерда чиройли бир булоқ чиқса, қадимий тепалик ёки эски қабр кўринса, атрофини дарров ўраб олиб, у ерга рамзий мақбара ясаб, «Фолончи ота» ёки «Писмадончи бобо» деган сохта авлиё ўйлаб топиш қачонгача давом этади?!

Бизда шундай бир даҳшатли ижтимоий одат пайдо бўлди: тарихда умуман яшаб ўтмаган, фақатгина қадимги бирор уруғ, қабила ёки жой номи бўлган сўзларни инсон қиёфасига киргизиб, улардан «авлиё» ясаб ётибмиз. Ваҳоланки, илмий, тарихий ва антропологик манбалар суриштирилганда, тарихда ундай исмли алоҳида саркарда, арбоб ёки диний шахс умуман ўтмагани маълум бўлади.

Хўш, бу сохта «муқаддас қадамжолар» қандай пайдо бўляпти ва уларнинг ортида аслида нима ётибди?

1. Тўқима афсоналар ва «Бобо»лаштириш синдроми

Муайян бир қишлоқ ёки маҳалла вакиллари ўз тарихини улуғлаш ва ўзаро бирлашиш учун рамзий «муқаддас марказ» излашади. Тарихда аниқ бир шахс топилмагач, ўша ҳудудда яшаган эски қабила номининг ўзига «Ота» ёки «Бобо» унвонини ёпиштириб, сохта таржимаи ҳол ва устига даҳшатли афсоналар тўқиб ташланади.

2. Кўзбўямачилик ва Назр-ниёз бизнеси

Кўпинча бундай ҳашаматли мажмуаларни маълум бир гуруҳлар ўз нуфузини ошириш ёки маҳаллий туризм маскани яратиш учун молиялаштиради. Кейинчалик бу жойлар ирим-сиримларга ишнувчи, содда одамлар ҳисобига «назр-ниёз» йиғиладиган, пул айланадиган яширин тижорат масканига айланади.

3. Келажак учун хавф: Хурофот ва Ширк ўчоғи!

Бугун шунчаки маданий ёки рамзий марказ сифатида очилган мажмуалар яна бир авлод алмашгандан кейин ҳақиқий хурофот ўчоғига айланади! Одамлар у ердаги сохта қабрдан мадад сўрашни, фарзанд тилашни, дарахтларга латта боғлашни ва сувидан мўъжиза кутишни бошлашади. Натижада асл исломий таълимотга мутлақо зид бўлган қабрпарастлик ва ширк амаллари юзага келади.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Тарихни сохталаштириш ва қадимги қабила номларидан «муқаддас шахслар» ясаш соғлом жамият ривожига хизмат қилмайди. Саводсизлик ва илмсизлик ортидан пайдо бўлаётган бундай «қадамжо»лар бизни ўрта асрлар ботқоғига қараб тортади! Бизга сохта афсоналар ва ирим-сиримлар эмас, соғлом маърифат, илм ва асл тарихий ҳақиқат керак!

Шавкат Ўймовутли

Дўстларингизга ҳам юборинг: