Дам олиш кунлари учун хавфли огоҳлантириш: кучли ёмғир, сел ва дўл кутилмоқда
Дам олиш кунлари ёмғир ва момақалдироқ билан беқарор об-ҳаво кутилмоқда.
Синоптиклар ўзбекистонликларни дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кутаётганини маълум қилишди.
Республика ҳудудининг катта қисмида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли жала ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди, Бухоро ва Навоий вилоятларининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғади.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади, вақти-вақти билан ёғингарчилик кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши, сел келиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши эҳтимоли бор. Шамол 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати 22-24 майда кечаси +13…+18 даража, кундузи +22…+27 даража атрофида бўлади.
Тошкентда жума куни кундузи вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +22…+24 даражани ташкил этади. 23 майда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Кундузги ҳарорат +25…+27 даражагача кўтарилади. 24 май, якшанба куни вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ҳарорат кундузи +22…+24 даражани ташкил этади. Ҳарорат асосан кечаси +15…+18 даража бўлади, ғарбдан секундига 3-8 метр тезликда эсаётган шамол вақти-вақти билан 10-12 метргача кучаяди.
