Ўзбекистонда 1-июндан нималар ўзгаради?

Ўзбекистонда 1-июндан нималар ўзгаради?

Табиий газ ва электр энергияси нархлари ошади

Электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар учун тарифлар:

  • 200 кВт/соатгача — 1 кВт·соат учун 300 сўмдан 325 сўмгача (+8,3%);
  • 201−500 кВт/соат — 400 сўмдан 450 сўмгача (+12,5%);
  • 501−1000 кВт/соат — 500 сўмдан 550 сўмгача (+10%);
  • 1001−5000 кВт/соат — 750 сўмдан 800 сўмгача (+6,7%);
  • 5001−10 000 кВт/соат — 875 сўмдан 950 сўмгача (+8,6%);
  • 10 000 кВт/соатдан юқори — 1000 сўмдан 1100 сўмгача (+10%).

Қолган маиший истеъмолчилар учун бир ойлик истеъмолдан келиб чиқиб, қуйидагича:

  • 200 кВт/соатгача — 1 кВт/соат учун 600 сўмдан 650 сўмгача (+8,3%);
  • 201−500 кВт/соат — 800 сўмдан 900 сўмгача (+12,5%);
  • 501−1000 кВт/соат — 1000 сўмдан 1100 сўмгача (+10%);
  • 1001−5000 кВт/соат — 1500 сўмдан 1600 сўмгача (+6,7%);
  • 5001−10 000 кВт/соат — 1750 сўмдан 1900 сўмгача (+8,6%);
  • 10 000 кВт/соатдан юқори — 2000 сўмдан 2200 сўмгача (+10%).

Иситиш мавсуми (бошқа мавсум) да аҳолига етказиб бериладиган 1 куб метр табиий газ нархи қуйидагича ошади:

  • ойига 500 куб метргача (иситиш мавсумидан ташқари — 100 куб метр) — ҳар бир куб метр учун 1000 сўмдан 1100 сўмгача (+10%);
  • 501−2500 куб метр (иситиш мавсумида) — 1800 сўмдан 2000 сўмгача (+11,1%);
  • 2501−5000 куб метр — 2100 сўмдан 2300 сўмгача (+9,5%);
  • 5001−10 000 куб метр — 2500 сўмдан 2700 сўмгача (+8%);
  • 10 001 куб метр ва ундан юқори — 3000 сўмдан 3300 сўмгача (+10%).

Бундан ташқари, юридик шахслар, шу жумладан, тадбиркорлар учун тарифлар қуйидагича белгиланади:

  • электр энергиясига — 1 кВт/соат учун 1000 сўмдан 1100 сўмгача (+10%);
  • табиий газга — 1 куб метр учун 1800 сўмдан 2000 сўмгача (+11,1%);
  • метан “заправка»лар учун газга — 2500 сўмдан 2750 сўмгача (+10%).

Овқат тайёрлаш учун газ плитасидан фойдаланувчи, газни ҳисоблагичсиз ишлатувчи ва белгиланган қатъий сумма тўловчи истеъмолчилар учун тарифлар:

  • овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун — бир кубометр учун 1800 сўмдан 2000 сўмгача (+11,1%);
  • иситиш учун — 1400 сўмдан 1550 сўмгача (+10,7%).

Айрим оилаларга газ ва электр истеъмоли учун бериладиган компенсация миқдори оширилди

Янги тартибга мувофиқ, тўловлар қуйидагича кўтарилади:

  • электр учун — 30 минг сўмдан 37,5 минг сўмга (базавий меъёрдан ошган 150 кВт·соатгача истеъмол учун);
  • газ учун — иситиш мавсумида 200 минг сўмдан 225 минг сўмга (базавий меъёрдан ошган 250 куб метргача);
  • бошқа мавсумларда — 120 минг сўмдан 135 минг сўмга (150 куб метрга).

Компенсация олиш учун маҳалла ижтимоий ходимига, тумандаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ёки Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 1140 кол марказига мурожаат қилиш мумкин.

Тўловлар реестирга кирувчи оилаларга берилади. Бунда оила аъзоларига тўғри келадиган ойлик даромад 715 минг сўмдан кам бўлиши лозим.

Шу билан бирга, икки реестрга ҳам кирмаган, аммо мол-мулки кам ва ойлик даромади ҳар бир аъзога 1 млн сўмдан кам бўлган оилалар ҳам ушбу ёрдамдан фойдаланиши мумкин.

ОТМларга қабул бошланади

5 июндан 2026−2027-ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул бошланади. Жараён икки босқичда — “аввал тест, сўнг танлов” тамойилида амалга оширилади.

Биринчи босқич 25 июнгача давом этади, бу вақт оралиғида абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиб, тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини танлаши керак.

Агар номзодлар алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий/ижодий имтиҳонларда иштирок этса, таълим тили, тест топшириш ҳудуди, таълим йўналиши ҳамда касбий (ижодий) имтиҳон топшириладиган олийгоҳни танлаши керак.

Иккинчи босқичда абитуриентлар кириш имтиҳонлари тўлиқ якунлангач, 15 кун ичида my.uzbmb.uz сайти орқали ОТМ, таълим йўналиши, таълим шакли ва танлов устуворлигини танлайди.

Абитуриент тест синовида тўплаган балларини имтиҳон ўтказилган куннинг эртасига билиши мумкин. Унинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани қабул жараёнининг иккинчи босқичи тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафтада Билимни баҳолаш агентлигининг сайтида эълон қилинади.

Кириш имтиҳонлари июль-август ойларида ўтказилиб, у 2 бўлимдан иборат:

биринчи — барча бакалавриат таълим йўналишлари учун мажбурий 3 та фан — она тили, математика ва Ўзбекистон тарихидан тест;

иккинчи — танланган йўналишга мос 2 та фандан тест ёки касбий (ижодий) имтиҳонлар.

Шунингдек, техникумларда ўқиш истагини билдирган абитуриентлар олийгоҳларга қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг, агар олийгоҳга қабул қилинмаган бўлса, 10 кун ичида техникум, касб ва мутахассислик ҳамда таълим шаклини танлашлари мумкин бўлади. Унинг натижаси ҳам бир ҳафтада агентлик сайтида эълон қилинади.

Қурилишда экологик назорат кучайтирилади

Қурилиш майдонлари фон мониторинг станциялари билан жиҳозланиб, Экология қўмитасининг ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади.

Шунингдек, қурилиш ҳудуди ва чиқиш нуқталарида онлайн камералар ўрнатилиб, жараёнлар масофадан туриб назорат қилинади.

Қонунбузарликларга йўл қўйган қурилиш ташкилотларининг Шаффоф қурилиш миллий ахборот тизимидаги рейтинг баллари камайтирилади.

Бундан ташқари, лойиҳа-смета ва шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда экологик экспертиза хулосасини тақдим этиш мажбурий этиб белгиланади.

Янги қуриладиган, баландлиги 12 метрдан ва умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар лойиҳаларида кўкаламзорлаштириш майдони ажратилган ер участкасининг камида 30% ини ташкил этиши шарт бўлади.

Ўрмон ерларида ноқонуний қурилишлар учун жарималар жорий этилади

28-июндан бошлаб экология ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Президент имзолаган қонун билан ўрмон ерларини ноқонуний ажратиш ва қурилиш қилиш учун алоҳида жарималар жорий этилмоқда.

Фуқаролар учун жарима 20,6 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача, мансабдор шахслар учун эса 41,2 млн сўмдан 82,4 млн сўмгача этиб белгиланади.

Шунингдек, ўзбошимчалик билан пичан ўриш, яйловларга зарар етказиш ва чорва боқиш қоидаларини бузганлик учун ҳам жарималар бир неча баробарга оширилади.

Сурхон-Агро ЭИЗдаги иссиқхоналарга янги имтиёзлар берилади

Президентнинг март ойида қабул қилинган қарори билан Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида Сурхон-Агро эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш белгиланган. Унинг ҳудудида фаолият олиб борадиган иссиқхоналарга бир қатор имтиёз ва преференсиялар берилади.

1 июндан бошлаб ишлаб чиқарилган маҳсулотни зона иштирокчилари ўртасида кооператсия асосида кафолатли сотиш ҳамда муҳандислик инфратузилмасига уланиш тўловларсиз амалга оширилади. Ушбу тартиб 2028-йил 1-июнга қадар амал қилади.

Тошкентнинг янги аэропорти қурилиши бошланади

Тошкентнинг янги халқаро аэропорти қурилиши июнь ойида бошланиши кутилмоқда. Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг маълум қилишича, ҳозирда давлат ва хусусий шерик ўртасидаги ДХШ битимини имзолашнинг якуний босқичи кетмоқда.

Лойиҳада Ирландия компаниялари ва бошқа халқаро маслаҳатчилар иштирок этади. Шу билан бирга, ҳукумат хусусий шерикларга кафолатланган йўловчи оқими бўйича мажбурият олмайди. Вазирликка кўра, Ўзбекистонда авиайўловчилар оқими йиллик қарийб 30% га ўсмоқда.

Наманган аэропортининг янги йўловчи терминали иш бошлайди

Наманган халқаро аэропортининг янги йўловчи терминали июнь ойи охирида очилиши кутилмоқда. Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳа доирасида хусусий шерик томонидан қарийб $70 млн инвеститсия киритилган бўлиб, бу умумий лойиҳа қийматининг ярмига тенг.

Россияда халқаро юк ташувчилар учун бўлиш муддати узайтирилади

Россияда халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар учун мамлакатда бўлиш муддати узайтирилди. Энди яқин хориж давлатларидан келган ва визасиз режимда ишлаётган профессионал ҳайдовчилар махсус ариза орқали Россияда бир йил давомида жами 180 кунгача қолиши мумкин бўлади.

Қарор логистика жараёнларини енгиллаштириш ҳамда ҳайдовчилар учун иш шароитларини соддалаштиришга қаратилган. Янги тартиб МДҲ давлатлари ва Грузия фуқароларига татбиқ этилиб, 2026 йил 30-июндан кучга киради.

Айрим нотариал хизматлар видеомулоқот орқали кўрсатилади

Июн ойидан бошлаб бир қатор нотариал ҳаракатларни масофадан туриб видеоконференсалоқа орқали расмийлаштириш тартиби жорий этилиши белгиланган.

Бунда никоҳ шартномасини тасдиқлаш, бошқа турдаги аризалардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш, шунингдек, автотранспорт воситасини ижарага бериш шартномасини тасдиқлаш жараёнлари янги тартибда йўлга қўйилади.

Йил бошида Адлия вазирлиги никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартибини давлат рўйхатидан ўтказган эди. Шартнома нотариал идорада, видеоконференсалоқа орқали ёки сайёр тартибда расмийлаштирилади. Нотариус тарафларнинг шахси, никоҳ ҳолати ҳамда аввал шундай шартнома тузилган-тузилмаганини текширади.

Ўзбекистонда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича этика қоидалари кучга киради

17-июндан амал қиладиган янги тартибга кўра, СИ технологиялари қонунийлик, шаффофлик, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойиллари асосида қўлланилиши керак бўлади.

Ҳужжат билан соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқларига оид муҳим қарорларда фақат сунъий интеллект хулосаларига таяниш тақиқланмоқда. Шунингдек, СИ тизимлари инсон назорати остида бўлиши, фойдаланувчилар эса унинг имкониятлари ва хавфлари ҳақида хабардор қилиниши белгиланди.

Марказий банк ўз тизимларида оммавий тўловлар функсиясини ишга туширади

Марказий банк бошқарувидаги тўлов тизимларида оммавий (тўпламли) тўловлар функсияси яратилади. Мазкур функсияни 2026 йил июнь ойигача ишга тушириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, банк тизимида киберхавфсизлик, ахборот хавфсизлиги ҳамда антифрод тизимини такомиллаштириш чоралари белгиланмоқда.

Хусусан, июнгача халқаро консалтинг компанияси билан ҳамкорликда Марказий банк назорати остидаги ташкилотларнинг ахборот тизимларини ахборот ва киберхавфсизлик аудити тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинади.

Зиёратгоҳлар ҳудудлари учун алоҳида дизайн-код жорий этилади

Туризм қўмитаси босқичма-босқич туристлар ташриф буюрувчи зиёратгоҳлар ҳудудларининг функсионал жиҳатдан ажратилган чегараларини белгилайд.

Уларда мумкин бўлган ҳолларда кўп қаватли биноларни жойлаштириш орқали ҳудудларини кенгайтириш ҳамда улардан фойдаланиш учун алоҳида дизайн-код жорий этади.

Инсон марказлари васийлик ва ҳомийлик мониторингига жалб қилинади

Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар таркибига Инсон марказлари ходимлари киритилади.

Бундан ташқари, руҳий ҳолати бузилган шахсларга васий ёки ҳомий сифатида тайинланган шахсларнинг васийлик ёки ҳомийликдаги шахслар олдидаги мажбуриятларининг бажарилишини марказ мониторинг қилади.

Жазони ўтаётган ёшлар ўқув курсларига жалб қилинади

Иккинчи имкон лойиҳаси доирасида Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида жазони ўтаётган ёшлар янги касбларга ўқитилади. Мамлакатнинг қолган ҳудудларида бу 2027-йил 1-мартдан йўлга қўйилади.

Бунда ўқув курслари 8−12 ойлик интенсив дастурлар асосида жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этилиб, унга ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятларни содир этган жазони ўтаётган ёшлар жалб қилинади.

Ёшлар хорижий тилларни (инглиз, рус, хитой ва бошқалар) ўрганиш бўйича ягона интенсив дастурлар асосида ҳам ўқитилади. Курслар якунида тегишли дастурларни ўзлаштирганларга электрон сертификатлар берилади.

Солиқдан қарздор айрим ишлаб чиқарувчилар ҳам давлат харидларида иштирок этиши мумкин

Фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга, истисно тариқасида, солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлса ҳам давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади. Қарздорлик БҲМнинг икки бараваридан ошса, корхона уни 10 кун ичида қоплаши шарт бўлади.

Ўзбекистон сув ва ичимликлар учун хорижий маркировка кодларини тан олади

Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар ўртасида сув ҳамда салқин ичимликларга нисбатан рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш жорий этилади.

Солиқ қўмитаси бу бўйича ваколатли орган ҳисобланади. Асл белгиси маҳсулотларини маркировкалаш тизими оператори маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва ҳимоя қилишни таъминлайди.

Ўзбекистонда шакллантириладиган ва муомалада бўладиган рақамли маркировка маълумотлари мамлакат ҳудудида жойлашган дата-марказларда сақланиши ва қайта ишланиши шарт.

Товарларнинг рақамли маркировкаси тўғрисидаги маълумотлар хорижий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга халқаро шартномалар асосида ҳамда ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилган ҳолда узатилади.

Бизнес божхона божларини тўлашда 120 кунгача кечиктириш имкониятига эга бўлади

Тадбиркорларга божхона божини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг бош таъминоти туридан фойдаланишда хавфларни бошқариш тизимининг натижаларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга пасайтирилган миқдорда таъминот тақдим этилади.

Давлат хизматчилари коррупцияга қарши барқарорлик бўйича диагностикадан ўтказилади

Ўзбекистонда давлат органларида ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилган.

1 июндан бошлаб соҳалар назоратига масъул инспекцияларда коррупсиявий хавф-хатар даражаси “юқори” ва “ўрта” бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда номзодлар ҳам диагностикадан ўтказилади.

Натижага кўра ходимнинг коррупцияга барқарорлик даражаси “паст” деб баҳоланиши мазкур лавозимда меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришига монелик қилувчи ҳолат ҳисобланади ҳамда ходим коррупсиявий хавф-хатар даражаси “паст” бўлган бошқа лавозимга мажбурий равишда ротация қилинади.

Қурилиш чиқиндиларини қайта ишлашнинг янги тартиби жорий этилади

2026 йил 1 июндан бошлаб қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш, такрорий фойдаланиш ва утилизация қилишнинг янги тартиби жорий этилади.

Унга кўра, буюртмачи юридик шахслар қурилиш, реконструкция, таъмирлаш ёки бузиш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни тегишли қайта ишловчи тадбиркорлар ёки чиқинди полигонларига шартнома асосида топшириши шарт бўлади.

Шунингдек, лойиҳа-смета ҳужжатларида қурилиш чиқиндилари ҳажми, уларни йиғиш жойлари ҳамда улар билан ишлаш бўйича ечимларни назарда тутиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Атмосфера ҳавосига салбий таъсирни камайтириш мақсадида буюртмачилар чанг ва ёқимсиз ҳидларнинг олдини олиш чораларини ҳам кўриши керак бўлади.

Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади

Унга барча рақамлаштирилган ва кейинчалик рақамлаштириладиган архив ҳужжатлари киритилиб, тизимда сақланади.

Архив ҳужжатларини рақамлаштириш уч босқичда амалга оширилади: 2025−2027 йилларда алоҳида қимматли, ноёб ҳамда мол-мулк ва ерга оид ҳужжатлар, 2028−2029 йилларда кино, фото, фоно ва илмий-техник ҳужжатлар, 2030 йилдан эса Миллий архив фондининг бошқа ҳужжатлари рақамлаштирилади.

Шунингдек, давлат архивларида РФИД технологияси жорий этилиб, ҳар бир ҳужжатга ягона идентификация рақами берилади ҳамда уларнинг ҳаракати, ҳисоби ва хавфсизлиги автоматлаштирилади.

Э-экспертиза тизими суд-экспертиза фаолиятига тўлиқ жорий этилади

Судлар, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқувчи органлар билан электрон ҳужжат алмашинувини таъминловчи E-экспертиза ахборот тизими суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига тўлиқ жорий этилади.

Шунингдек, Э-экспертиза платформаси ва экспертиза тайинловчи органларнинг ахборот тизимлари ўртасида электрон маълумот алмашинуви Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида йўлга қўйилади.

Угом дарёси ҳудудида қурилиш ва янги гидроиншоотлар тақиқланади

Давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинган Угом дарёсининг соҳил бўйи ва сувни муҳофаза қилиш ҳудудларида экологияга зарар етказиши мумкин бўлган қурилишлар, ер ишлари ҳамда сунъий иншоотлар қуриш тақиқланади.

Дарё ҳавзасида гидротехник ва гидроэнергетика объектларини қуришга ҳам рухсат берилмайди. Мавжудларини реконструкция қилиш бундан мустасно. Шунингдек, дарёнинг давлат гидрологик табиат ёдгорлиги ҳудудида қурилиш ишлари учун ер ажратилишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, Угом дарёси ҳудудидаги объектларнинг атроф-муҳитга таъсирини ўрганиш учун Ҳукумат комиссияси ташкил этилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: