Нетаньяху Исроилга Ливандаги назоратни кенгайтиришни буюрди
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливанда илгари Ҳизбуллоҳ назоратида бўлган ҳудудлар устидан Исроил назоратини «чуқурлаштириш ва кенгайтириш» бўйича топшириқ берганини маълум қилди.
У бу ҳақда Ливандаги Бофорт қалъаси эгалланганини хотирлаш маросимида сўзлаган. Нетаньяхунинг таъкидлашича, Исроил мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун чегаралар ташқарисида ҳам хавфсизлик ҳудудларини яратмоқда.
«Бугун биз Бофортга бошқача халқ сифатида қайтдик. Биз бирлашган, қатъиятли ва аввалгидан ҳам кучлироқ бўлиб қайтдик», — деди у.
Аввалроқ Исроил мудофаа вазири Исроэл Кац Бофорт қалъаси Исроил армияси томонидан назоратга олинганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бу нуқта Галилея ҳудудидаги аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим стратегик объект ҳисобланади.
1982 йилда Исроил армияси Бофортни эгаллаб, у ерда ҳарбий база ташкил этган. 2000 йилда Исроил қўшинлари Ливандан чиқиб кетгач, қалъа Ҳизбуллоҳ назоратига ўтган эди. 2026 йил апрелидан буён Исроил ва Ливан ўртасида музокаралар давом этмоқда, аммо томонлар ўртасида қуролли тўқнашувлар ҳамон кузатилмоқда.
