Наманганда 23 ёшли йигит сойда чўкиб кетди
Наманган вилоятининг Поп туманида 23 ёшли йигит сойда чўкиб кетди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Маълум қилинишича, 28 май куни 23 ёшли йигит қариндошлари билан биргаликда Поп туманида жойлашган дам олиш масканига келиб, у ердан оқиб ўтувчи “Чодаксой” сойига чўмилиш мақсадида тушган. Эҳтиётсизлиги оқибатида у сувда чўкиб кетиб, қайта чиқмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текширув доирасида туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг қутқарувчилари жалб этилган ҳолда сувга чўкиб кетган йигитни қидириб топиш ишлари амалга оширилмоқда.
Наманган вилояти ФВБ хабарида қайд этилишича, қидирув тадбирлари узлуксиз давом эттирилмоқда. Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарувчилари томонидан сув устида, бошқарма қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан эса сув остида қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Фуқаролардан тақиқланган ҳудудларда чўмилмаслик, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш сўралди.
15 май куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида 13 ёшли қиз Тўпаланг дарёсига оқиб кетиб, вафот этганди. Март ойи охирида Тошкент вилояти Чиноз туманида Бўзсув каналига тушиб кетган 34 ёшли эркакнинг жасади 9 кундан сўнг топилганди.
