Маданият ва санъат соҳасида 21 та ижодий бирлашма ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда миллий адабиёт, маданият ва санъатнинг таниқли вакиллари — шоир ва ёзувчилар, актёрлар, драматурглар, режиссёрлар, хонандалар, созандалар, композиторлар, рассомлар, ҳайкалтарошлар, ҳунармандлар ҳамда санъатшунос олимлар иштирок этди.
Учрашувда истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилиши маълум қилинди. Хусусан, театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу санъати, тасвирий ҳамда амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилади.
Мазкур бирлашмаларга тажрибали ижодкорлар билан бир қаторда вазирлар ва йирик компаниялар раҳбарлари ҳам ҳамраис сифатида бириктирилади. Улар ҳудудлардаги мусиқа мактаблари, маданият марказлари ва бадиий жамоалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳамда ёш истеъдодларни рағбатлантириш билан шуғулланади.
Шунингдек, ҳар бир ижодий йўналиш кесимида маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларида танловлар ташкил этилиши режалаштирилган. Ғолиб ва совриндорларнинг гастроль сафарлари, фестиваль ва халқаро танловларда иштирок этишига кўмак берилади.
Ҳар йили “Миллий ижодкорлар қурултойи” ўтказилади. Унда 21 та ижодий бирлашманинг энг фаол ва юқори натижаларга эришган вакиллари тақдирланади.
Ғолибларга бир йил давомида ҳар ой 5 миллион сўм қалам ҳақи тўланади, улар мамлакат бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланиш, ихтисослашган тиббиёт марказларида бепул даволаниш имкониятига эга бўлади.
Улар учун маҳорат мактаблари ва ижод уйлари ташкил этилади. Президент совриндорлар кейинги йилларда ҳам янги ижодий ютуқларга эришса, мазкур имтиёзларни сақлаб қолиш таклифини қўллаб-қувватлади.
