Қирғизистонда носвой тақиқланиши мумкин
Қирғизистонда 2040 йилгача бўлган демографик сиёсат концепцияси доирасида тамаки, алкоголь савдосини қатъийлаштириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди. Бу ҳақда “24.кг” хабар берди.
Мазкур чора носвойни тўлиқ тақиқлаш, алкоголь ва сигарет сотиб олиш учун минимал ёшни 20–21 ёшгача ошириш, уларни сотиш ва реклама қилишни чеклашни ўз ичига олади. Бундан ташқари, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари савдоси устидан назоратни кучайтириш, жумладан, уларни тунги вақтда ҳамда интернет орқали сотишни чеклаш таклиф этилмоқда. Ушбу товарлар истеъмолини камайтириш чораси сифатида акциз солиғини ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Зарарли маҳсулотларнинг хулқ-атвор кўникмалари шаклланишига салбий таъсирини камайтириш мақсадида уларнинг рекламасини, айниқса, болалар ва ўсмирларга нисбатан чеклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Концепцияда таъкидланишича, юқумли бўлмаган касалликлар мамлакатдаги барча ўлим ҳолатларининг қарийб 70 фоизига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли давлат соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва хавф омилларини камайтиришга қаратилган профилактика чораларини кучайтиришни режалаштирмоқда.
Ҳужжат, шунингдек, оилавий сиёсатни мустаҳкамлаш, туғилишни қўллаб-қувватлаш, тиббий ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш йўналишларини ўз ичига олади. Бу ташаббуслар стратегик хусусиятга эга бўлиб, эрта ўлим ҳолатларини камайтириш ва аҳолининг умр кўриш давомийлигини оширишга қаратилган.
Маълумот учун, Қозоғистонда 2024 йилда носвой сотганлар 92 минг тенгедан ортиқ (тахминан 2 миллион 270 минг сўм) жаримага тортиш бошланганди. Ўша йили президент Қосим-Жўмарт Тўқаев аҳоли соғлиғига зарар етказувчи гиёҳвандлик ва бошқа моддалар, жумладан, носвойнинг зарари ҳақида гапирганди.
“Носвой истеъмол қилиш энг зарарли ва уятли одатлардан биридир. Носвой антисанитария шароитида қўлбола усулда ишлаб чиқарилади. Унда турли касалликлар, жумладан, саратон касаллигини келтириб чиқарадиган моддалар мавжуд. Носвойни ишлаб чиқариш ва тарқатиш 2015-йилда тақиқланган. Лекин у ҳали ҳам кўчада, ҳатто озиқ-овқат дўконларида очиқ-ойдин сотилмоқда”, деганди Тўқаев.
Ўшанда у ҳуқуқ-тартибот идоралари бу муаммони ҳал қилиш учун ҳеч қандай чора кўрмаётганини айтганди.
