Россия Қозоғистондан бензин импорт қилмоқчи
Украина ҳужумлари натижасида юзага келган ёнилғи тақчиллиги фонида Россия Қозоғистондан бензин импорт қилмоқчи.
Россия ички бозордаги ёнилғи тақчиллиги сабабли Қозоғистон билан тахминан 50 минг тонна ҳажмдаги AI-92 автобензинини импорт қилиш имконияти бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда соҳадаги тўртта манбага таяниб, Reuters хабар берди.
Манбалардан бирининг сўзларига кўра, Россия нефтини Қозоғистоннинг нефтни қайта ишлаш заводларидан (НҚЗ) бирига мазсус шартлар асосида етказиб бериш варианти муҳокама қилинмоқда. Айни пайтда Қозоғистонда автобензин профицити кузатилмоқда, бироқ 26 июндан 20 июлгача Атирау НҚЗ таъмирлаш учун ўз фаолиятини тўхтатади, бу эса маҳсулот захираларини қисқартиради.
Reuters’нинг Қозоғистондаги манбасига кўра, Россияга бензин етказиб бериш Россия авиакеросини импорти эвазига амалга оширилиши мумкин. Қозоғистон июл ойида талабнинг ортиши, Атирау НҚЗсидаги профилактика ишлари ва импортнинг камайиши фонида авиакеросин тақчиллигига дуч келган.
Маълумот учун, Россиядаги бир қатор йирик НҚЗларнинг Украина дронлари ҳужумлари туфайли тўхтаб қолгани июн ойининг иккинчи ўн кунлиги охирига келиб бензин ишлаб чиқаришни ўтган йилнинг июн ойига нисбатан 25 фоизга камайишига олиб келган. Reuters маълумотларига кўра, бензин ишлаб чиқариш кунига 85 минг тоннагача қисқарган, ваҳоланки, ёз ойларида истеъмол кунига 110 минг тоннага етади.
Ёнилғи тақчиллигига қарши курашда Россия ҳукумати НҚЗларга ички бозор учун сифат кўрсаткичлари пасайтирилган бензин ва дизель ёнилғиси чиқаришга рухсат берган. Бундан ташқари, шу ойда Россия бензинни денгиз йўли орқали импорт қилишни режалаштирмоқда.
