Россия ва Европа мусулмонлари Исроил хурмосига бойкот эълон қилди
Россия ва Европадаги мусулмонлар Исроил хурмоларига бойкот эълон қилди. Бу ҳақда “Правда.ру” хабар берди.
Мазкур хурмога талаб рамазон ойида кескин ортади. Исроил бутун дунё бўйлаб савдо расталарида мавжуд бўлган Меджоул қироллик нави хурмосининг энг йирик етказиб берувчисидир. Бойкот Малайзия мусулмон истеъмолчилари уюшмаси ташаббуси билан бошланган.
“Сизлар бундай товарларни харид қилиб, биродарларимизнинг душманларига ёрдам беряпсизлар”, — дейди Қозондаги “Закабанная” масжиди имом-хатиби Саид Жаъфар.
Бойкот натижасида Исроил хурмосига талаб ҳақиқатда пасайган. Haaretz хабарига кўра, бойкот қўрқуви сабабли Исроил хурмоларни тарғиб қилиш учун жами 550 минг долларлик реклама кампаниясини қолдирган.
Исроил Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, мамлакатдан хурмо экспорти қиймати 2022 йилда 338 миллион долларни ташкил этган, бошқа барча мевалар учун эса 432 миллион доллар.
“Исроиллик ишлаб чиқарувчилар бойкот кампанияларига қарши туриш мақсадида баъзи харидорлар билан хурмоларнинг келиб чиқишини чалкаштириб юбориш мақсадида ўз маҳсулотларидаги ёрлиқларни ўзгартириш устида ишламоқда”, — деб хабар беради Haaretz.