Беларус ҳибсхонасида ўзбекистонлик аёлнинг фарзанди дунёга келди
Беларусдаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлнинг фарзанди дунёга келди. Кейинчалик чақалоқ барча зарур ҳуқуқий ва консуллик тартиб-таомиллари бажарилганидан сўнг Ўзбекистонга олиб келиниб, яқин қариндошлари қарамоғига топширилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 май куни Омбудсман ташаббуси билан Ўзбекистон делегацияси аъзолари Минск шаҳридаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказган.
Учрашув чоғида муассасада сақланаётган Ўзбекистон фуқароси ҳомиладор эканини, фарзанди тергов ҳибсхонаси шароитида дунёга келгач, уни зарур даражада парвариш қилиш имкониятлари чекланганини маълум қилган. Шу боис у чақалоқнинг Ўзбекистонда яшовчи яқин қариндошлари қарамоғида бўлишини исташини билдириб, фарзанди туғилганидан кейин уни белгиланган тартибда Ўзбекистонга қайтариш ва оиласи бағрига етказишда амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат Омбудсман томонидан назоратга олинган. Фарзанд туғилганидан сўнг тегишли давлат идоралари, Ўзбекистоннинг Беларусь Республикасидаги дипломатик ваколатхонаси ҳамда МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда барча зарур ҳуқуқий ва консуллик жараёнлари амалга оширилган.
Натижада чақалоқни Ўзбекистонга қайтариш учун керакли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Жорий йил июль ойида эса бола яқин қариндошлари қарамоғига топширилиб, Ўзбекистонга олиб келинди.
Омбудсман ушбу жараён хорижда турли сабабларга кўра оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, болаларнинг манфаатларини таъминлаш бўйича тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилганини таъкидлади.
