Тошкентда келаси йил жазирамагача кондиционерсиз автобус қолмайди — пойтахт транспорт бошқармаси

Тошкентда келаси йил жазирамагача кондиционерсиз автобус қолмайди — пойтахт транспорт бошқармаси

Тошкентда ҳаракатланаётган автобусларнинг 191 тасида кондиционер мавжуд эмас. «Кейинги йил жазирамагача кондиционерсиз автобуслар умуман қолмайди», — дейди Миракбар Икромов. Пойтахт транспорт бошқармаси кондиционерли автобуслардаги муаммоларни эса йўловчиларнинг турлича талаблари билан изоҳлади.

Ҳозирги кунда пойтахтда 1700 дан ортиқ автобус ҳаракатланади. Шундан 191 тасида кондиционер умуман мавжуд эмас. Бу ҳақда Gazeta’га берган интервьюсида Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур 191 та жамоат транспорти 2012−2013 йилларда ишлаб чиқарилган эски дизель автобуслари ҳисобланади.

«Президент топшириқлари ва белгиланган мақсадларга мувофиқ, жорий йил эски дизель автобусларнинг 50 фоизидан воз кечишимиз керак. Кейинги йил жазирама кунларгача кондиционерсиз автобуслар умуман қолмайди. Чунки брутто талаблари асосида автобусларда совитиш ва иситиш тизимлари бўлиши мажбурий қилиб белгиланмоқда ҳамда бу тендер шартларига киритиляпти», — дейди у.

Миракбар Икромов кондиционери мавжуд бўлган айрим автобусларда ҳам уларнинг ишлатилмаётгани ҳақидаги саволга жавобан, бу ҳолат ўрганилгани ва бунга бир нечта сабаб борлигини айтди.

«Баъзи йўловчилар автобус ичи жуда совиб кетаётганини таъкидлаб, кондиционерни ўчиришни сўрайди. Яна кимдир ойнани беркитиб, кондиционерни ишлатишни талаб қилади. Шу боис барчага бирдек маъқул келадиган ҳароратни таъминлаш осон эмас», — дейди бошқарма бошлиғи.

Унинг таъкидлашича, яна бир сабаб кондиционернинг техник носозлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳузурида рейслар сифати ва мониторинги билан шуғулланувчи давлат муассасаси ташкил этилган. У ерда 50 нафар инспектор фаолият юритади. Улар жойига чиқиб, кондиционер ишламаётган автобусларни аниқлайди, рейс сифатини баҳолайди. Зарур ҳолларда автобус гаражга қайтарилиб, носозлик бартараф этилганидан кейингина йўналишга чиқарилади», — дейди у.

«Ҳар бир автобус кунлик рейсига мос ҳажмда ёқилғи билан таъминланади. Ёқилғи сарфи фақат жазирамага эмас, ҳайдовчи тажрибасига ҳам боғлиқ. Агар белгиланган меъёрларда ҳаракат қилинса, ёқилғи билан боғлиқ муаммо бўлмайди», — дея қўшимча қилди Миракбар Икромов.

У автобуслар турли ёқилғи турларида ҳаракатланишини қайд этиб, аниқ ўртача сарфни айтиш қийинлигини билдирди.

«Ҳозир 300−400 та автобус дизель ёқилғисида ҳаракатланади, қолганлари газда юради. Яна 528 та автобусимиз электр қувватида ишлайди», — дейди бошқарма раҳбари.

Миракбар Икромовнинг маълум қилишича, шу йил охирига қадар пойтахтга 240 та автобус олиб келиниши режалаштирилган. 200 та автобус «Тошшаҳартрансхизмат», 40 таси эса хусусий тадбиркорлар томонидан харид қилинади.

2026 йилда Тошкент автобусларида кондиционерлар 7 майдан ёқила бошланди. Компания кондиционерлари носоз бўлган автобуслар йўналишларга чиқарилмаслигига ишонтирганди. Юзага келадиган носозликларни тезкорлик билан бартараф этишга ваъда берилди. Ҳайдовчилар билан совитиш тизимларидан тўғри фойдаланиш бўйича навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказиш режалаштирилган.

«Тошшаҳартрансхизмат» йўловчиларнинг ҳар бир мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилишини маълум қилди ва вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўради.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилгача пойтахт автобусларида кондиционерлар бўлмаган. Ҳозирда барча янги машиналар совитиш тизимлари билан жиҳозланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: