Россия ҳужумлари Украинада 400 минг квадрат метрдан ортиқ тижорий омбор ва логистика мажмуаларини вайрон қилди

Россия ҳужумлари Украинада 400 минг квадрат метрдан ортиқ тижорий омбор ва логистика мажмуаларини вайрон қилди

2026 йил июль ойи бошидан бери Россиянинг ҳарбий ҳужумлари натижасида Украинада 400 минг квадрат метрдан ортиқ тижорий омбор ва логистика мажмуалари йўқ қилинган, деб хабар бермоқда Forbes Ukraine тадбиркорлар маълумотлари ва соҳа баҳоларига таяниб.

Жабр кўрган йирик компаниялар орасида Rozetka маркетплейси, Fozzy Group, «Эпицентр», Intertop чакана савдо тармоқлари, «Нова пошта» логистика оператори ҳамда юзлаб кичик ва ўрта бизнес объектлари бор.

Rozetka ҳамтаъсисчиси Владислав Чечоткин компаниянинг тўғридан-тўғри зарари унинг бутун тарихи давомидаги энг катта йўқотиш эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра, зарар миқдори миллиардлаб гривнага етган.

Киев вилоятидаги ҳужумлар натижасида Denka Logistics логистика мажмуаси бутунлай вайрон бўлган. Ушбу марказ 2009 йилдан бери Intertop учун асосий логистика узелларидан бири бўлиб хизмат қилган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса зарбалар транспорт-логистика ва тақсимлаш марказларига берилганини билдириб, бу объектлар ҳарбий мақсадларда ҳамда дронлар йиғиш устахоналарини жойлаштириш учун ишлатилганини даъво қилган.

Омбор инфратузилмасининг вайрон бўлиши Украина марказий ҳудудларига дрон ва ракета ҳужумлари давом этаётган шароитда юз бермоқда.

Логистика марказлари ва тақсимлаш тармоқларига етказилаётган мунтазам зарар мамлакатдаги товар етказиб бериш занжирларига жиддий таъсир кўрсатиб, чакана савдо ва тижорий соҳада катта йўқотишларга олиб келмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: