Япония аҳолисини жадал суръатда йўқотмоқда
Мамлакат фуқаролари сони 42 йил ичида биринчи марта 120 миллиондан камайди, туғилиш кўрсаткичи эса тарихий минимумни янгилади
Япония фуқаролари сони 42 йил ичида биринчи марта 120 миллион кишидан камайди. Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги маълумотларига кўра, 1 январь ҳолатига мамлакатда 119,74 миллион нафар япон яшаган. Бу кўрсаткич бир йил аввалгига нисбатан 0,76 фоизга кам.
Япония аҳолиси 2009 йилда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан сўнг 17-йил кетма-кет қисқармоқда. Шу билан бирга, хорижликлар сони 2013 йилдан буён, яъни бундай статистика юритила бошланганидан бери, энг юқори даражага етди. Хорижликларни ҳам ҳисобга олганда, мамлакат аҳолиси 123,8 миллион кишини ташкил этади.
Япония аҳолисининг ўртача ёши 49,9 ёшга етди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бу кўрсаткич дунёда Монакодан кейин иккинчи ўринда туради.
Июнь ойида мамлакат ҳукумати туғилиш коэффициенти яна пасайиб, рекорд даражадаги энг паст кўрсаткич — бир аёлга 1,14 нафар фарзандга тушганини маълум қилди. Бу кўрсаткич ўнинчи йил кетма-кет пасаймоқда. Ўтган йили Японияда 670 мингдан сал кўпроқ бола туғилган — бу 1899 йилда статистика юритила бошланганидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Демографик инқироз фонида ҳукумат оилалар қурилишини рағбатлантиришга ҳаракат қилмоқда. Июль ойида Токио ҳукумати сунъий интеллектдан фойдаланувчи танишув сервисини ишга туширгани маълум бўлди. Ушбу сервис орқали 265 жуфтлик никоҳдан ўтган. Июнь ойи охири ҳолатига кўра, иловада 16 минг нафар рўйхатдан ўтган фойдаланувчи бўлган, яна 760 жуфтлик жиддий муносабатларда эди.
