25–29 сентябрь кунлари Тошкентда “Турк киноси кунлари” бўлиб ўтади

25–29 сентябрь кунлари Тошкентда “Турк киноси кунлари” бўлиб ўтади

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Тошкентда Туркия–Ўзбекистон маданият ва санъат учрашувлари доирасида “Турк киноси кунлари” ташкил этилади. Мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги тарихий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.


Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Кино бош бошқармаси кўмагида 25–29 сентябрь кунлари Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Турк киноси кунлари” бўлиб ўтади. Тадбир доирасида томошабинлар эътирофига сазовор бўлган фильмлар кино ихлосмандларига тақдим этилади. Дастурдан турли жанрлардаги турк фильмлари намойиши, ижодий учрашувлар ҳамда таниқли кино вакиллари иштирокидаги тадбирлар ўрин олган.
25 сентябрь куни ўтказиладиган тантанали очилиш маросимида таниқли турк актёрлари Энгин Алтан Дузятан, Ўзге Гурел, Серкан Чаёғлу ва Дениз Барут қизил йўлакдан ўтиб, ўзбекистонлик мухлислар билан учрашади.
Очилиш маросимида Туркиянинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини халқаро томошабинларга таништирувчи “Kökenlerin Fısıltısı” номли мини-сериал намойиш этилади. Мазкур лойиҳада бош ролларни ижро этган таниқли актёрлар Энгин Алтан Дузятан ва Озге Гурел ҳам гала-кечасида томошабинлар билан учрашади.
Шу билан бирга, ТРТ телеканалининг “Mehmed: Fetihler Sultanı” сериалида Фотиҳ Султон Меҳмед ролини ижро этган Серкан Чаёғлу ва “Bak Postacı Geliyor” фильмида Гулизар образини гавдалантирган Дениз Барут ҳам иштирок этади.
26-сентябрь кунги фильм намойишлари режиссёр Тунч Давутнинг “Kesilmiş Bir Ağaç Gibi” фильми билан бошланади. Али Ипин, Фейяз Думан ва Селен Куртаран бош ролларини ижро этган мазкур фильм 99-Оскар мукофотининг “Энг яхши халқаро фильм” йўналиши бўйича Туркиянинг расмий номзоди этиб танланган.


Дастур доирасида 27 сентябрь куни режиссёр Юксел Аксунинг “Bak Postacı Geliyor” фильми намойиш этилади. Фильм ўтган асрнинг 1950-йилларида Эгей минтақасидаги кичик шаҳарчада кечадиган воқеаларни ҳикоя қилади ва унинг марказида почтачи Османнинг Гулизарга етишиш йўлидаги кураши акс этади. Бош ролларни Дениз Барут ва Озан Акбаба ижро этган.
28 сентябрь куни режиссёрлар Ибраҳим Буюкак ва Эмраҳ Агуш томонидан суратга олинган “Mutluyuz mu?” фильми томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Фильмда бош ролларни Ибраҳим Буюкак ва Ясемин Сакаллиоғлу ижро этган.


Турк киноси кунлари 29 сентябрь куни режиссёрлар Эмре Караел ва Лейла Яманнинг “Dedektif Reptır” анимацион фильми билан якунланади. Фильм сирли воқеаларга ойдинлик киритишга интилаётган Детектив Рептир ва унинг жамоаси саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: