ЕИ ва Канада янги иттифоқ тузади: Унда АҚШ, Хитой ҳамда Россия бўлмайди
ЕИ ва Канада АҚШ, Хитой ва Россиясиз янги иттифоқ тузмоқда.
Европа Иттифоқи ва Канада P4M — «Кўп томонламалилик, халқаро ҳуқуқ, тинчлик ва фаровонлик тарафдорлари» деб номланган янги халқаро иттифоқни тайёрламоқда. У сешанба куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида тақдим этилади.
ЕИ ва Канададан ташқари, ташаббусга Бразилия, Кения, Ҳиндистон ва Австралия ҳам қўшилди. Иттифоқ очиқ форматда ташкил этилмоқда ва келажакда унга бошқа давлатлар ҳам қўшилиши мумкин.
Иштирокчилар халқаро ҳамкорлик ва БМТнинг ролини кучайтириш, шунингдек, сунъий интеллект, иқлим ўзгариши ва пандемияларга қарши кураш соҳаларида биргаликда ишлашни мақсад қилмоқда. Ташаббусчилар турли сиёсий анъаналарга эга мамлакатлар ўртасида «кўприклар қуриш» зарурлигини таъкидламоқда.
Янги гуруҳ йирик давлатлар ўртасида рақобат кучайиб, анъанавий халқаро ҳамкорлик форматлари инқирозга дуч келаётган бир пайтда пайдо бўлмоқда. Келажакда у G20га муқобил форматга айланиши мумкин, чунки энг йирик давлатлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли ушбу форматда ҳамкорлик қилиш тобора қийинлашмоқда.
Бундан ташқари, ЕИ аллақачон Канадага Европа Иттифоқининг тарихдаги биринчи «ассоциациялашган аъзоси» бўлишни таклиф қилган. Бу мақом иқтисодиёт, технологиялар, энергетика ва мудофаа соҳаларида айниқса яқин ҳамкорликни назарда тутади.
