Чирчиқда гиёҳвандлик воситалари тайёрланган яширин лаборатория аниқланди

Чирчиқда гиёҳвандлик воситалари тайёрланган яширин лаборатория аниқланди

Чирчиқ шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Аниқланишича, 2000 ва 2002 йилларда туғилган тўрт нафар фуқаро шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган хонадонни ижарага олиб, ундан гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва тарқатиш мақсадида фойдаланган. Улар хорижлик кураторлар томонидан контрабанда йўли билан етказиб берилган гашиш мойи ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб, гашиш тайёрлаган.

Хонадонни кўздан кечириш жараёнида тахминан 400 грамм гашиш, 5 килограмм ярим тайёр маҳсулот, гиёҳвандлик воситаларини қуритиш учун мўлжалланган электр печ, миксер, қўлқоплар, ҳимоя воситалари, тарози ҳамда махсус идишлар ашёвий далил сифатида олинган.

Терговга қадар текширув давомида гумонланувчилардан бири аввал Россияда, яна икки нафари эса Вьетнам ва Таиландда бўлиб, лаборатория шароитида гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш билан шуғуллангани аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276¹-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: