Тўқаев рус тилини сиёсатдан узоқ тутишга чақирди

Тўқаев рус тилини сиёсатдан узоқ тутишга чақирди

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев рус тилини сиёсийлаштирмасликка чақирди. Бу ҳақда у кеча, 22 сентябрь куни Оқўрдада Рус тили бўйича халқаро ташкилот бош котиби Наталья Бочарова билан учрашувда сўз очди.

Қозоғистон раҳбари ташкилотнинг гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган замонавий, обрўли ва самарали фаолият юритувчи тузилма сифатида шаклланиши принципиал аҳамиятга эга эканини билдирган.

Суҳбат давомида таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган. Президентнинг сўзларига кўра, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирокчи барча давлатлар манфаатлари тенг ҳисобга олинишини таъминлаш муҳим. Қосим-Жомарт Тўқаевнинг айтишича, тил сиёсийлаштириш предметига айланмай, балки одамларни бирлаштириши ва ўзаро тушунишга хизмат қилиши керак.

Ўз навбатида, Наталья Бочарова Қозоғистон раҳбарига ташкилот фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган, шунингдек, уни янада ривожлантириш бўйича режалар ҳақида маълумот берган.

Маълумот учун, Тўқаев 2021 йил 28 декабрь куни Санкт-Петербургда Россия Президенти Владимир Путин билан музокараларда рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш ташаббусини илгари сурган. Мазкур ташаббусни Россия ва Беларусь қўллаб-қувватлаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: