Ядровий қуролдан сунъий интеллектгача: «Валдай»да дунё нимани муҳокама қилди?
«Валдай» халқаро муҳокама клубининг бу йилги йиғинида Россия-Украина уруши ва ядровий қурол мавзуси жаҳон ОАВ эътиборида бўлди. Бироқ форумдаги муҳокамалар фақат хавфсизлик ва ҳарбий масалалар билан чекланмади.
Жаҳон медиалари форумда Владимир Путиннинг ядровий қурол ҳақидаги баёнотларига урғу бериб, «Путин Европага ядровий таҳдидни такрорлади», «Россия бутун арсеналидан фойдаланиши мумкин» каби сарлавҳаларни тарқатди.
Форум иштирокчилари эса сунъий интеллект ва рақамли тоталитаризм хавфи, БМТни ислоҳ қилиш зарурати, Ғарбсиз иқтисодий ривожланиш, Хитой автомобиллари ҳамда Россия, Хитой ва АҚШ ўртасида эҳтимолий мулоқот форматлари каби масалаларни ҳам муҳокама қилди.
Хитой ва глобаллашув бўйича эксперт Ван Хуэйяо давлат қудратини фақат ҳарбий салоҳият билан эмас, аҳолининг турмуш даражаси ва қашшоқликни камайтириш натижалари билан ҳам баҳолаш кераклигини таъкидлади.
«Валдай» форумида 40 га яқин давлатдан экспертлар иштирок этган. Улар орасида АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия вакиллари ҳам бор.
Форумнинг айрим ёпиқ муҳокамалари Chatham House қоидалари асосида ўтказилган. Бу формат иштирокчиларга ўз фикрларини очиқ билдириш имконини беради, аммо уларнинг шахси оммавий ахборот воситаларида ошкор қилинмайди.
Форумдаги асосий саволлардан бири — турли манфаатларга эга бўлган давлатлар рақобат шароитида глобал муаммоларни ҳал қилиш учун қандай мулоқот механизмларини яратиши мумкинлиги бўлди.
Муҳокамалар қандай натижа бериши ва давлатлар ўртасида келишувга эришиш имкони бор-йўқлиги эса вақт кўрсатади.
