Ангор ҳокими “аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан “Captiva-5” олгани бўйича ўрганиш натижалари эълон қилинди

Ангор ҳокими “аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан “Captiva-5” олгани бўйича ўрганиш натижалари эълон қилинди

Сурхондарёнинг Ангор тумани ҳокими “аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 349 миллион 900 минг сўмга “Captiva-5” автомашинаси харид қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу масала юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларини эълон қилди, деб ёзмоқда daryo.uz.

Ўрганиш жараёнида Ангор туман ҳокимлиги томонидан “Captiva-5Т Premier Black-Matt” автотранспорт воситаси ҳокимликнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилингани тасдиқланди. Бироқ мазкур автотранспорт воситасининг қиймати Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарори билан тасдиқланган давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш талабларига зид экани аниқланди.

Ҳукумат қарорига кўра, туман ва шаҳар ҳокимлари учун фақат битта дона, қиймати минг БҲМгача (ёки 340 миллион сўмгача) бўлган хизмат автотранспорт воситаси харид қилиниши мумкин.

Шунга кўра, агентлик тақдимномасига асосан ушбу автотранспорт воситаси бугунги кунда туман балансидан чиқарилиб, вилоят ҳокимлиги тасарруфига ўтказилиши таъминланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: