НАТОнинг янги кенгайиш тўлқини Гавайи оролларини ҳам ўз ичига олиши мумкин
Newsweek журнали халқаро муносабатлар эксперти Алан Мендозага асосланган ҳисоботида НАТО географик жойлашуви туфайли альянсга киритилмаган Гавайи оролларини ўз масъулияти доирасига киритиши мумкинлигини таклиф қилди.
«НАТО Шимолий Атлантика билан тўғридан-тўғри чегарага эга бўлмаган, аммо у билан боғлиқ бўлган бошқа демократик давлатларга кенгаяётганини инобатга олсак, ҳеч бўлмаганда альянсни Гавайи оролларини ҳам қўшиб кенгайтириш ҳақида ўйлаб кўриш мантиқан тўғри бўларди», – дея Мендоза сўзларини келтиради агентлик.
АҚШнинг 50-штати Шимолий Атлантика шартномасининг НАТОга аъзо давлатлардан бирига ҳужумга жамоавий жавоб беришни назарда тутувчи 5-моддасига кирмайди. Иттифоқ ҳужжатида айтилишича, иттифоқчилар фақатгина «Саратон тропикининг шимолидаги Шимолий Атлантика минтақасида» можаролар юзага келган тақдирдагина жавоб беришлари керак. Гавайи бу кенгликдан жанубда жойлашган.