Машҳур санъаткорлар мусиқада сунъий интеллект қўлланишига қарши чиқди

Машҳур санъаткорлар мусиқада сунъий интеллект қўлланишига қарши чиқди

Билли Айлиш, Кэти Перри, Сэм Смит ва бошқа 200 дан ортиқ жаҳонга машҳур санъаткорлар мусиқа яратишда сунъий интеллектдан фойдаланишга қарши очиқ хат имзолади. Бу ҳақда “Правила жизни” хабар бермоқда.

Юлдузларнинг фикрича, қўшиқ яратишда нейротармоқлардан фойдаланиш этика қоидаларига зид бўлиб, сунъий интеллект бутун мусиқа экотизимини бузади, ижодий меҳнатни қадрсизлантиради, натижада санъаткор ва мухлислар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилади.

Шундай қилиб, очиқ хат имзолаган юлдузлар уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Artist Rights Alliance” (АRA) нотижорат ташкилоти ташаббусига қўшилди.

Шунингдек, хатда муаллифларга гонорар тўламаслик учун бирор санъаткор ижодига ўхшаш куй ва қўшиқлар яратилишига ҳам қарши фикрлар билдирилган.

“Биз барча рақамли мусиқа платформалари ва хизматларини қўшиқ муаллифлари ва санъаткорлар меҳнатига путур етказадиган ёки унинг ўрнини босадиган сунъий интеллект асосидаги технологиялар, контент ва мусиқа яратиш воситаларини ишлаб чиқмасликка даъват этамиз”, — дейилади мактубда.

Мазкур ташаббусни хонандалардан Стиви Уандер, Жон Бон Жови, Райан Теддер (Оnе Republic), Зайн Малик, Билли Айлишнинг укаси Финнес, гуруҳлардан “Pearl Jam”, “Imagine Dragons”, “Jonas Brothers” кабилар қўллаб-қувватлади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: