Олтин нархи 3 минг долларгача ошиши кутилмоқда

Олтин нархи 3 минг долларгача ошиши кутилмоқда

Жаҳон бозорида олтин нархи бир трой унция учун 2 345 минг долларга етиб, рекорд ўрнатди. Мутахассислар нархлар ошишда давом этишини прогноз қилмоқда.

Кўпчилик мутахассисларнинг олтин нархи борасидаги прогнозлари амалга ошмади. Масалан, Американинг Ж.П.Морган инвестицион гиганти 2024 йилнинг иккинчи чорагида олтин нархи бор-йўғи 1,98 минг долларгача кўтарилиши ва фақат йил охирига келиб 2 минг долларлик чегарадан ошиб кетишини кутганди.

Шу билан бирга, компания таҳлилчилари фақат 2025 йилнинг учинчи чорагида олтин нархи 2,3 минг долларга етишини кутганди. Жаҳон банки олтин нархини 2024 йил учун 1,9 минг доллар, 2025 йил учун эса 1,7 минг доллар деб прогноз қилган.

Олтин нархи кўтарилиши қуйидаги тўртта асосий сабабга боғлиқ:

Дунёда геосиёсий ва ҳарбий хатарларнинг кучайиши. Гап нафақат Украинадаги уруш ва Ғазо секторидаги можаро, балки Хитой ва Тайван, шунингдек, Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатлардаги хатарлар ҳақида ҳам кетмоқда. Бундай даврларда кўплаб инвесторлар “хавфсиз бошпана” деб аталадиган валюталарга, жумладан, олтинга сармоя киритади.

АҚШда президентлик сайловлари олдидан сиёсий нотинчлик.  Агар Дональд Трамп ҳокимиятга келса, АҚШдан сиёсий ва иқтисодий қарорлар кутилади, бу долларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

АҚШ Федерал захира тизими томонидан март ойида 5,25-5,5 фоиз даражасида ушлаб турилган фоиз ставкаларининг пасайиши. Федерал захира тизими раиси Жером Пауэлл 2024 йилда уларни 3 марта — йиллик жами 0,75 фоизга тушириш нияти ҳақида гапирмоқда. Фоиз ставкалари пасайтирилгандан сўнг, долларлик қимматли қоғозлар ва биринчи навбатда Ғазначилик (АҚШ давлат облигациялари) бўйича даромадлилик пасаяди. Нархлар пасайганда, инвесторлар доллар активларини қолдириб, олтинга ўтади.

Турли мамлакатлардаги марказий банклардан олтинга талаб ортиб бормоқда. World Gold Cоuncil қизиқарли таққослаш қилди: 2016 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда дунё марказий банклари 509 тонна, 2022—2023 йилларда эса 1060 тонна қимматбаҳо метал сотиб олди ва 2024 йилда сотиб олишни давом эттирди. Жорий йилнинг январь ойида Туркия (12 тонна олтин сотиб олди), Хитой (10 тонна) ва Ҳиндистон (9 тонна) марказий банклари харид қилишда энг фаол бўлди.

Бу омилларнинг барчаси фонида экспертлар 2024 йилда олтин нархининг янги ўсишини кутмоқда. Ўртача трой унция учун 2,3-2,6 минг доллар, нархнинг сезиларли даражада ошишини кутаётганлар ҳам бор, масалан, Rosenberg Research тадқиқотчилари нархнинг 3 минг долларгача ошишини тахмин қилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: