“18 апрель куни ўласан!..”

“18 апрель куни ўласан!..”

Рус подшолари орасида қаҳри қаттиқлиги билан ном чиқарган Иван Грознийнинг қисмати ғалати бўлган. 1584 йили қиш палласи осмонда «думли юлдуз» — комета пайдо бўлади. Подшо «думли юлдуз» чиқиши ўзининг ўлимига ишора деб ўйлаб ваҳимага тушади. Салтанатдаги энг машҳур «башоратгўй»ларни тўплашни буюради (нимагадир айнан аёл «башоратчилар»ни). Олтмишга яқин башоратчини бир ерга қамаб, ушбу синоат нимадан дарак беришини айтмагунча биронтасини ҳибсдан бўшатмаслик ҳақида фармон чиқаради.

Қизиғи шундаки, «башоратгўй»ларнинг деярли ҳаммаси шаҳаншоҳ 18 апрель куни вафот этади, деб «каромат» қиладилар. Айтилган кун ҳам етиб келади. Подшоҳи олам эса соппа-соғ юрибди. Эрталаб туриб, қалбаки «кароматгўй»ларнинг ҳаммасини бир ерга тўплаб, ёқиб юборилсин, деб ҳукм чиқаради. Кенг майдонга катта гулхан ёқадилар. «Башоратчилар»ни олиб келадилар. Ҳаммасини ёппасига оловга ташлаш учун Грознийнинг амрини кутадилар…

Айни шу паллада шахмат ўйнаб ўтирган подшо ўзидан-ўзи шилқ этиб йиқилади-ю, жон таслим қилади…

Бу жумбоқнинг ечимини ҳанузгача ҳеч ким тополган эмас…

Тўғри, тарихчилар подшо умрининг охирида «вос-вос» бўлиб қолган, дейишади. Фитна билан ўлдирилган, деган фикрлар ҳам бор. Аммо унинг айнан шу куни вафот этганининг ўзида ғалати жумбоқ йўқ эмас…

Дўстларингизга ҳам юборинг: