Озиш учун ичимлик содаси ичманг, акс ҳолда, ички қон кетишига йўлиқасиз…

Озиш учун ичимлик содаси ичманг, акс ҳолда, ички қон кетишига йўлиқасиз…

Сода тиббиётда энг кўп қўлланиладиган препаратларнинг ажралмас қисмига айланган. Масалан, натрий гидрокарбонат қуйидаги ҳолатларда қўлланилади:

  • йўтал, томоқ оғриғи ва тумов;
  • оёқлардаги шиш ва товондаги терининг қуриши;
  • тишлар эмалини оқартириш учун;
  • ЎРВИ;
  • милкларнинг яллиғланиши;
  • аритмия ва гипертония касалликлари;
  • оёқдаги замбуруғли касалликлар;
  • оёқ ва қўл терлаши;
  • конюнктивит;
  • бош оғриғи;
  • жиғилдон қайнаши ва ошқозондаги оғриқлар.

Ҳар бир ҳолатда содадан фойдаланиш усули, миқдори шифокор томонидан касаллик даражаси ва беморнинг ёшига қараб белгиланади. Сўнгги кунларда турли сайтларда сода орқали қисқа фурсатда озиш ҳақидаги лицензияга эга бўлмаган рекламалар кўпайиб кетди. Шифокорлар бундай озиш тури организм учун хавфли эканини таъкидлайди.

Ичимлик содаси ва истеъмол содаси кукунидан фойдаланишга қарши кўрсатмалар

Содани концентратланган эритма шаклида ичиш тақиқланади. Ошқозонда муаммоси бор шахслар: гастрит, ошқозон ярасига учраган ва кислота даражаси юқори бўлган беморлар учун сода ўта хавфлидир.

Кукун шаклидаги сода эритмага нисбатан кўпроқ салбий таъсирга эга, чунки унинг ишқорий хусусиятлари фаол ва кўпроқдир. У терини куйдириши, шилиши ва кўзга тушганда кўз пардасини шикастлаши мумкин.

Кўпчилик жиғилдон қайнашига қарши содали сувдан фойдаланади. Шифокорлар бундай метод фойда бермаслигини ва ҳатто акс таъсир қилишини уқтиради. Бундай даволаш усули ошқозонда янада кўпроқ куйиш ҳиссини уйғотади. Чунки сода организмга тушганда катта миқдорда карбонат ангидрид ажратади, ошқозон суюқлиги кўпроқ ишлаб чиқарилишига туртки беради.

Сода турли дори воситалари билан реакцияга киришишини ҳам ёдда сақлаш лозим. Дорилар қабул қилаётган бемор сода истеъмол қилиши мумкин эмас.

Соданинг ҳар қандай тури беш ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга ҳам тақиқланади.

Озиш мақсадида сода эритмасини ичадиган инсонлар бу ишни мунтазам такрорлайверса, уларда ички қон кетиши юзага келиши ва воқеа аянчли якун топиши мумкин.

Сода ўрнига нимадан фойдаланиш мумкин?

Соғлиқни хавф остига қўймаслик ва даволанишга оқилона ёндашиш учун фақатгина шифокор рецепти билан касалликка қарши курашиш лозим. Ахир, сода биринчи навбатда саноат маҳсулоти бўлиб, нон ва қандолатчиликда ишлатилади.

Йўтал ёки тумовни даволаш учун махсус томчилар ва сироплардан фойдаланинг.

Вазн йўқотиш учун эса жисмоний фаолликни ошириш ва таомномага эътибор қаратиш керак.

Хулоса қилиб айтганда, соғлиғингиз устида тажриба қилманг ва содали сувни мақсадга мувофиқ ишлатинг.

Дўстларингизга ҳам юборинг: