ТДИУ ректори халқаро экспертлар билан учрашди

ТДИУ ректори халқаро экспертлар билан учрашди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Буюк Британиянинг “Cormack Consultancy Group (CCG)” компанияси делегатсияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда университет раҳбарияти ҳамда CCG компаниясининг Буюк Британия, Ирландия, Канада, АҚШ, Австралия каби давлатлардан ташриф буюрган вакиллари иштирок этди. Учрашувда университет ректори профессор Тўлқин Тешабаев халқаро мутахассисларга ташрифлари учун ўзининг самимий миннатдорлигини билдирди ҳамда университет фаолияти ва истиқболдаги стратегик мақсадлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети қатор хорижий олий таълим ташкилотлари, жумладан, Канада, АҚШ, Австрия, Буюк Британия ва Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ўқув, илмий-инноватсион фаолият доирасида амалий ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтди.

 

Учрашувда хорижий экспертлар олий таълим соҳасидаги халқаро стратегик фаолиятлари, трансмиллий таълимни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақда маълумотлар бериб ўтди.

Мулоқот чоғида томонлар ҳамкорлик масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар алмашди ва қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Шундан сўнг, хорижий мутахассисларга университет томонидан амалга оширилаётган халқаро илмий-инноватсион лойиҳалар, турли давлатлардан таклиф этилган профессор-ўқитувчи ҳамда экспертлар иштирокидаги мастер-класлар, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий малака ошириш жараёнлари, талабалар алмашинуви дастурлари ва бошқа кўплаб олиб борилаётган амалий ишлар тақдимот қилинди.

Меҳмонлар учрашув юқори савияда ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаб, изчил ҳамкорлик алоқалари яна-да ривожланишида ушбу мулоқот муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: