Ажабо! Рамзан Қодиров маст ҳолда машинасини полиция устига ҳайдаган генерални ҳимоя қилмоқда…
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Доғистонда машинасини йўл полицияси ходимлари устига ҳайдагани учун уни тўхтатиб ушлашда қатнашганларни ишдан олишни талаб қилди, деб ёзмоқда Kun.uz.
Рамзан Қодиров Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Чеченистон бўйича бош бошқармаси бошлиғи Алихан Цакаевнинг ушланишини «шармандали провокация» деб атаган. Қодировга кўра, генерал Цакаевнинг ушланиши «қўпол шаклда» ва «сабаблари тушунтирилмасдан» ўтказилган. Гарчи у йўлнинг қарама-қарши қисмидан ҳаракатланиш ва полиция ходимларининг устига машина ҳайдашдан бошқа қўпол қоидабузарлик содир этмаган бўлса ҳам.
Рамзан Қодиров генерални ушлашда иштирок этган ходимларнинг шахси аниқланганига урғу берган.
«Унинг ёнида хизмат гувоҳномаси ва либоси бўлмаган, у дам олиш куни ҳаракатланган. Бу эса постда бутун бир спектакль уюштириш учун сабаб бўлган», — деб ёзган Қодиров.
Чеченистон раҳбарининг фикрича, Цакаевни ушлаган ходимлар «тизимдан шовқин чиқариб ҳайдалиши керак». Қодиров Доғистон раҳбариятига мурожаат қилиб, «айбдорларга нисбатан чора кўришни», чунки улар «ҳуқуқ посбони формасини кийишга ва ифлослик қилишга ҳақли эмаслиги»ни айтган.
Генерал Алихана Цакаевнинг машинаси 14 апрель куни Чеченистон билан чегарадаги «Герзел кўприги» назорат ўтказиш пунктида тўхтатилган. Версиялардан бирига кўра, маст генерал йўл-патрул хизмати ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, уларнинг устига машинасини ҳайдаган. Натижада генерал куч ишлатиб ушланган. Генералнинг машинаси ҳам Канададан ўғирлаб келтирилгани ва қидирувда экани ойдинлашган.
Кейинроқ, кўп ўтмасдан «Ахмат» махсус хизмат жангарилари Цакаевни доғистонлик полициячилардан қутқариб олиб кетишган.