Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (98-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (98-қисм)

Роппа-роса икки соатдан кейин икки дўст хотинлари ва болалари билан бирга ўша янги очилган ресторанда кўришди.

Фазлиддин илмий ўй-хаёлларни бир четга йиғиштириб қўйди. Дўсти билан дўстлардай гаплашди. Суҳбат, асосан, қишлоқдаги жўралар тўғрисида борди. Шокир тилга олинди.

— У сендан хафа. «Ҳаммага иш топиб берди. Бир мен четда қолиб кетдим. Энди умрим мардикорчиликда ўтяпти. Топганим томоқдан ортмаяпти. Бу ёғи бола ҳам туғилди. Менимча, у ҳам катта бўлса, худди отасига ўхшаган мардикор, қора ишчи бўлади», дейди. Мен унга: «Фазлиддиннинг умуман ҳеч нимага вақти йўқ. Ҳатто цехга ҳар замонда зўрға бир келади», десам ҳам тушунмайди, — деди Алишер.

Фазлиддин бир нуқтага термилиб қолди. Сўнг:

— Жўра, юринг, бир нарсани кўрсатаман, — деб Алишерни дераза ёнига олиб борди. У ердан шаҳарнинг катта кўчаси, зувиллаб у ёқдан бу ёққа ўтаётган машиналар яққол кўриниб турарди.

— Қаранг ташқарига, нимани кўряпсиз? — дея Алишердан сўради у.

— Машиналар. Пиёда кетаётган одам. Йўлнинг нариги томонида дўкон. Яна йўл, бошқа ҳеч нима.

— Тўғри. Лекин ўша машинадагиларнинг ўй-хаёллари, айтаётган гаплари, ҳатти-ҳаракатлари, худди шундай кўчада кетаётганларнинг босган қадамлари ва яна дарахтларнинг шохлари, биноларнинг емиришлари ва ҳоказо ва ҳоказоларнинг ҳаммасини Аллоҳ бошқариб турибди. Бу унинг нақадар буюк зотлигига биттагина мисол. Тасаввур қиляпсизми, машинадагиларнинг ҳаммасининг ризқ-насибаси турлича, умрлари, оладиган нафаслариям турлича. Ҳаммасини бошқариш, ҳаммасини тартибга солиш фақат Аллоҳнинг қўлида… Шундай экан, Шокир мендан сира аразламасин. Унинг пешонасига қаерда, ким билан гаплашиш ёзиб қўйилган бўлса, қаерда, қандай иш қилиши белгиланган бўлса, мендан нимани умид қилади? Ҳатто бугун иккимизнинг шу ерга келишимиз, мана бундай гаплашиб туришимиз ҳам эллик минг йил аввал ёзиб қўйилган. Пайғамбаримиз ўзининг хадиси шарифларида: «Сиёҳ қуриди, дафтар ёпилди», деганлар…

Фазлиддиндан бундай гапларни кутмаган Алишер қотиб қолди. Энди бир нуқтага термилиш навбати унга етди.

— Аввал ҳам бу ҳақда гап очилган эди. Адашмасам, у келиб кетганди ҳам. Нимадир кўнглига ўтирмаган бўлса керакки, қайтиб кетганди. Майли, шундай бўлса ҳам, яна чақиринг. Иш беринг. Эпласа, ана! Эпламаса, хоҳламаса, ўзидан ўпкаласин.

— Сиз мендан хафа бўлманг.

— Нега хафа бўларканман? Сиз менга ҳар қандай гапни айтишга ҳуқуқингиз бор. Энди юринг, хонимлар кутиб қолишди.

— Лекин анави гапингиз ўйлантириб қўйди… Тақдирлар…

— У мени жуда кўп йиллардан бери қийнайди. Бундай олиб қараганда, бу дунёнинг умуман қизиғи қолмаган. Ҳай, майли, кетдик энди…

Шундан кейин улар бир ойча кўришмадилар. Чунки Фазлиддин жуда кўп вақтини университетда ўтказа бошлади. У энди муқобил энергия олиш устида бош қотираётган эди. Агар шу нарсани амалга оширолса, ҳамма нарса: оддий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан тортиб, йўлда машина ёки автобусда юришгача қарийб текинга айланади. У водород орқали машинани юрғизиш йўлини ишлаб чиққанди. Аммо энди ундан ҳам арзон электр олиш ҳақида бош қотираётганди. Бунинг учун жуда кўп китобларни ўқиб чиқиш билан бирга, уларни таҳлил қилиш ва ўзи ҳам янги кашфиётларни амалга ошириши лозим бўларди.

Малоҳат эрининг бошида оқ сочлар пайдо бўлганини кўриб қолди. Ўша куни Фазлиддин одатдагидай уйга кеч келганди. Яна бир қучоқ қоғозларни қўлтиқлаб олганди. Келиб, қоғозларини стол устига қўяётганида, Малоҳат эрининг сочи оқарганини кўрди. «Ҳали жуда эрта-ку», деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди.

— Бугун ишламайсиз! — деди у Фазлиддин ортига ўгирилмасидан.

— Нега? — дея ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин хотинига қараб жилмаяркан.

— Чунки мен сизнинг чарчаганингизни кўрдим. Бунақа қаттиқ ишлашингизда ётиб қоласиз.

— Бу нарса менга оддий эрмак бўлиб қолган. Бекорга ташвиш чекяпсиз, хоним.

— Йўқ. Энди жиддий гапиряпман. Иш вақти тугади, дўстим. Бу ёғи ҳаловат. Қолаверса, мактабга чиқиб ўқиётган ўғлингиз билан ҳам қизиқмай қўйдингиз. Ахир бу инсофдан эмас. Уям сизга ўхшаб китобдан бошини кўтармайди. Мактабига борсам, болангизни бирйўла тўртинчи синфга ўтказиб юборсак ҳам бўлади, дейишди ўқитувчилари.

— Буниси ёмон. Бунинг ўрнига ким биландир муштлашибди, деган хабар эшитганимда хурсанд бўлардим.

— Ана, кўрдингизми? Сиз унинг бошқалар билан жанжаллашишини истайсиз.

— Ўғил бола шундай йўл билан пишийди. Мен сизни учратгунимча ғирт безори эдим. Текканга тегиб, тегмаганга кесак отардим. Мана, дарров одатимни ташлаб, ўзимгаям вақт тополмайдиган ишни топиб олдим. Бу ишим, ана, сизгаям маъқул келмаяпти… Унинг ўзи қаерда?

— Хонасида. Униям ҳамма китобларини тортиб олдим. Хонасига телевизорни киритиб қўйдим.

— Қойил, ҳамма боласига китоб ўқитолмай овора, сиз бўлсангиз унинг китобини тортиб оляпсиз. Яхши эмас.

— Агар шу аҳвол давом этса, яқинда кўзойнак тақади. Бунинг устига, шошманг, китоб жинниси бўлишга улгуради. Ўзингиз болалар билан жанжаллашиб келишини истайсиз-ку.

— Бўлди, хоним. Биз тан бердик. Сиз ҳақсиз. Ота-бола ётволиб бир футбол томоша қилайлик.

Аммо, барибир, Фазлиддин ярим кечаси уйғониб, кўтариб келган қоғозларини олиб, бошқа хонага кириб кетди. Бомдод намозигача қоғоз қоралаш билан машғул бўлди. Шу куни унинг дарси йўқ, агар бор бўлган тақдирда ҳам катта эҳтимол билан у боролмаган бўларди. Чунки жуда чарчади…

Кейинги ойларда у шампунь ишлаб чиқарадиган цехини кенгайтиришга мажбур бўлди. Чунки битта маҳсулот билан узоққа бориб бўлмасди. Шу боис атир совун, идиш ювиш кукуни, кир ювиш кукунининг бир йўла учта турини ишлаб чиқара бошлади. Уларнинг маҳсулотлари бошқаларникига умуман ўхшамасди. Нафақат сифатида, балки ҳидида ҳам ажралиб турарди. Буларнинг бари илмнинг натижаси эди. Шунингдек, улар рекламага ҳам зўр беришди.

Корхона каттаргани сайин одамларининг сони ҳам ошди. Кузатув камералари ўрнатилди. Яна Наташа ўзига тўртта ёрдамчи олди. Чунки ҳисоб-китоб масаласи оғирлашди. Гап бухгалтер ишларининг кўпайиб кетганлигида эмас, назоратга келадиганлардан ҳимояланиш учун шундай қилиш зарур эди-да. Бироқ, барибир, уларнинг-да кучлари етмайди. Текширмоқчи бўлганлар баъзи тўғри нарсаларни нотўғри деб ҳисоблашлари ва катта жарима қўллаш билан бирга, корхонани бутунлай банкрот ҳолатига келтириб, раҳбарларни «нариги томон»га, темир панжаралар ортига жўнатиб юборишлари ҳеч гапмас-да. Ахир қанчадан-қанча бой ташкилотларнинг бошларига шундай кунлар тушди-ку. Тўғри, кўча безорилари деярли йўқолди. Аммо унинг ўрнига бошқаси келдики, ундан қутулиб қолишнинг деярли имкони йўқ эди. Яна ҳаммани, ҳатто мана шу ташкилотда ишлайдиган оддий ишчиларнинг ҳам елкаларидан нимадир доим босиб туради. Унинг нималигини тушуниб-тушунишмайди. Шу боис барча эҳтиёткор бўлиб қолган эди.

Фазлиддин эса бу оғирликни унутиш учун университетда кўпроқ қолиб кетарди. Ҳар қалай, илмий ишга биров ёпишмайди. Ёпишадиганлар касбдошлари бўлишлари мумкин. Бироқ улар хавфли эмас.

Ўн беш йил ҳаш-паш дегунча ўтиб кетди. Фазлиддиннинг сочларининг ярмидан кўпи оқарди. У докторлик диссертациясини ёқлади. Лондонда. Шу ёқда унинг инглиз тилидаги олтита китоби чоп этилди. Бу ёқда эса китоблари сони ўнтага етди. Профессор бўлди. Шунингдек, кафедра мудирлигини ҳам унга топширмоқчи бўлишди. Бироқ у олмади. «Иложим йўқ. Вақт ҳам тополмайман», деди. Ўғли Муҳаммад мактабни, кейин коллежни битирганидан сўнг, Англияга ўқишга кетди. У ҳар ойда отаси билан кўришиб турарди. Бироқ онаси билан уч-тўрт ойда, Малоҳат эри билан бирга Лондонга боргандагина учрашарди. Хадича ҳам: «Шу ёққа бораман, Англияда ўқийман», деди. Бироқ унинг кетишига Малоҳат рози бўлмади. «Аввал узатаман, ундан кейин истаган томонингга кетавер», деди у.

Яна бир пайтлар кетиб қолган муфтий қайтиб келди. Қайтди-ю, обрўси аввалгисидан бир неча баробар ошиб кетди. Ҳар ким у билан учрашишни, суҳбатини олишни истар эди. Бироқ домла ўзини ўзи чегаралаб қўйганди. Кўпроқ китоб ёзиш билан овора эди. Шунинг учун ҳар ким ҳам у билан кўриша олмасди. Кўришса ҳам, масжидда домла маъруза қилганда кўришарди. Қори Муҳаммад Али эса деярли ундан айрилмай қолди. У ҳам илм билан шуғулланар, имомлик қилмасди. Ора-чора илтимос қилишса, жума кунлари худди устози каби маъруза қилиб берарди. Домлалар жуда эҳтиёткор бўлиб қолишганди. Умуман ортиқча гапни гапиришмасди. Сўзлари эса асосан умумий эди. Қачонки ўзлари билан алоҳида кўришиб гаплашсангиз, нозик масалаларнинг ҳукмларини айтиб беришарди. Шунда ҳам ҳаммага эмас, ўзларига яқин бўлган одамларга… Камол Шон ҳам ишламай қўйган. У ҳам ибодатга бутунлай берилиб кетганди. Кўп намоз ўқиганидан ҳатто пешонаси қорайиб ҳам қолган эди… Ҳа, қори Муҳаммад Али домла ҳам, Камол Шон ҳам ўзлари муассис бўлган фирмалардан улушларини олиб туришарди. Тирикчиликлари шундан ўтар эди.

Фазлиддин улар билан тез-тез кўришишни истарди. Бироқ ўша тез-тез ҳам баъзан бир-икки ойга чўзиларди.

Булардан ташқари, шу ўн беш йил ичида Фазлиддин онасидан ҳам айрилди. Ундан икки ой ўтар-ўтмас, Малоҳатнинг ҳам онаси бандаликни бажо келтирди. Шу билан уларнинг ҳар иккиси ҳам етимларга айланишди. Ҳар иккиси ҳам бунга кўниколмай анча муддат гарангсиб юришди. Бироқ, барибир, ҳаёт аста-секин яна ҳаммасини изига тушириб қўйди.

Энди улар бир-бирига суяниб қолишганди.

Ана шундай кунларнинг бирида Фазлиддин алданиб қолди. Олдинига елкасидаги оғир юк тушгандай бўлди. Нафақат у, деярли ҳамма ўзини эркин ҳис эта бошлади. Бемалол гапирадиган, исталган жойига исталган вақтида борадиган бўлишди одамлар. Яна чет элга бориб келадиганлар сони ҳам ошиб кетди. Илгари Фазлиддин Лондонда ўзбекларни камдан-кам ҳолларда учратарди. Учратиб қолса, худди бир хум тилла топгандай, миллатдошига ёпишар, меҳмон қилар, узоқ вақт суҳбатлашарди. Энди эса Англияда ўзбекларнинг юришлари жуда оддий ҳол бўлиб қолди. Борганларнинг асосий қисми ишларди. Ишнинг фарқи йўқ эди уларга. Муҳими, пул топишса бўлди. Шунингдек, ўзбекча ресторан ва ошхоналар ҳам кўпайди. У ҳар сафар Лондонга борганда айнан ана шу ошхоналарда овқатланар эди… Ундан сал олдин шайх оламдан ўтди. Унинг таъзияси катта мотам маросимига айланиб кетди. Биров ташкил қилмади. Одамларнинг ўзлари уни қаттиқ яхши кўриб қолишганларидан, ундан жуда кўп нарсани билиб олганларидан шундай бўлди… Қори Муҳаммад Али дўсти ва устозидан айрилганидан сўнг Саудия Арабистонига кетиб қолди… Ана шундан сўнг Фазлиддин алданди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: