Жиззахда оғир жиноят содир этиб, Тошкентга қочиб кетган шахсни ушлашда талаба йигит ёрдам берди (видео)

Жиззахда оғир жиноят содир этиб, Тошкентга қочиб кетган шахсни ушлашда талаба йигит ёрдам берди (видео)

Жиззахда оғир жиноят содир этган шахс Тошкент шаҳрида қўлга олинган. Уни қўлга олишда ИИБ ходимларига Ўзбекистон жаҳон тиллари университети 2-босқич талабаси Мирзабек Элмуродов ёрдам берган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2024 йил 19 апрел куни Жиззах вилояти Зомин тумани Небўса маҳалласида яшовчи шахс ўзаро келишмовчилик туфайли Зарбдор тумани Оқбулоқ маҳалласида яшовчи эркакни пичоқлаб, воқеа жойидан яширинган. Оқибатда жабрланувчи шифохонада вафот этган.

Шундан сўнг ИИБ ходимлари гумонланувчини топишга қаратилган тезкор қидирув ҳаракатларини бошлаб юборишган. Кузатув камералари хотирасидаги кадрлар ўрганилган. Шунингдек, у яшириниши мумкин бўлган жойлар кўздан кечирилган.

Мазкур жараёнларда қотилликда гумон қилинаётган эркак турмуш ўртоғига қўнғироқ қилгани аниқланган. ИИБ ходимлари эркак фойдаланган рақам билан боғланганда гумонланувчи эмас, бошқа бир йигит жавоб қайтарган.

Йигит ИИБ ходимларига кўчада кетаётганида бир фуқаро телефонидан фойдаланишни сўраганида рози бўлганини айтган. ИИБ ходимлари йигитга уни кузатиб боришни айтган.

“Фуқаро хотини билан гаплашаётиб, жиноят содир этганини айтди ва жабрланувчининг аҳволини сўради. 10 дақиқа ўтгач, Жиззах вилояти ИИБ ходимлари менга қўнғироқ қилишди ва телефонимдан фойдаланган шахс қотиллигини айтиб, уни кузатишимни сўрашди. Мен унинг ортидан кузатиб бордим. Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ёрдамида жиноятчини ушладик”, дейди Мирзабек.

Қайд этилишича, Ўзбекистон жаҳон тиллари университетида Мирзабек Элмуродовни тақдирлаш маросими бўлиб ўтган. Унда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи Ғайрат Қодиров, университет раҳбарияти, ўқитувчи ва талабалар иштирок этган.

Талабага 5 млн сўм пул мукофоти, эсдалик совғалар ва унинг ота-онасига ташаккурнома топширилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: