Ичингиздаги «махлуқ»ни таниб олинг!

Ичингиздаги «махлуқ»ни таниб олинг!

Ташқи кўринишидан ҳамма инсон: икки қўл, икки оёқ, расо қад-қомат. Аммо маънавият оламига назар ташланса, ҳамма ҳам «одам» эмаслиги аён бўлади. Буюк олим Ибн Қаййум таъбири билан айтганда, баъзи инсонларнинг ички дунёси ҳайвонлар ахлоқи билан қоришиб кетган. Келинг, атрофимиздаги «одам-ҳайвонлар»ни ниқобини ечамиз:

1. «Ит» табиатлилар: Очкўзлик ва хасислик қурбонлари

Бу тоифадагиларнинг нафси ҳеч қачон тўймайди. Худди суяк талашган итдек, бойлик ва дунё илинжида ўз яқинларини ҳам қопишга тайёр. Улар учун инсонийликдан кўра, очкўзлик билан тўпланган мол-дунё афзал.

2. «Эшак» табиатлилар: Жоҳиллик ботқоғидагилар

Билим олишдан қочадиган, фақат оғир меҳнат ва кўр-кўрона эргашиш билан кун кечирадиган кимсалар. Улар ҳақиқатни англашни исташмайди, ақлни ишлатиш улар учун энг катта машаққат. Уларнинг бутун умри жоҳиллик юкини ташиш билан ўтади.

3. «Йиртқич» табиатлилар: Тажовузкор жаллодлар

Булар фақат куч ишлатиш, зулм қилиш ва атрофдагиларни қўрқувда ушлашдан завқланади. Уларнинг тили — заҳар, қўли — қон, қалби эса шафқатдан холи. Бошқаларни маҳв этиш орқали ўз «буюклигини» исботламоқчи бўладиган ваҳшийлар.

4. «Сичқон» табиатлилар: Фасод ва хиёнат усталари

Бундайлар очиқ жангга чиқа олмайди. Улар орқадан пичоқ урадиган, одамлар орасига низо соладиган ва жамиятни ичидан кемирадиган «кемирувчилар»дир. Қайси ерда фитна бўлса, ўша ерда «сичқон» табиатли фисқ-фужур эгаларини кўрасиз.

5. «Маймун» табиатлилар: Сохтакор тақлидчилар

Уларнинг ўз фикри, ўз қадрияти йўқ. Фақат бошқаларга кўр-кўрона тақлид қилиш, ўзини кимларгадир ўхшатиш ва юзаки ялтироқлик билан овора. Ташқи кўриниши одам, аммо ички дунёси фақат масхарабозликдан иборат.


Хулоса ўрнида: Эркилик ва эркинлик дегани, ичимиздаги мана шу ҳайвоний сифатларга эрк бериш дегани эмас! Ҳақиқий инсон бўлиш учун нафсни «жиловлаш», жоҳилликни «билим» билан, тажовузни «ҳикмат» билан енгиш лозим.

Дўстларингизга ҳам юборинг: