Филиппинда 8,1 магнитудали кучли зилзила содир бўлди, уч киши ҳалок бўлган
Филиппин жанубидаги Минданао ороли яқинида 8,1 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Табиий офат оқибатида камида уч киши ҳалок бўлгани, бир неча киши жароҳат олгани ҳамда айрим ҳудудларда бинолар зарар кўргани маълум қилинди. Бу ҳақда Manila Times нашри хабар берди.
Маҳаллий сейсмология хизматлари маълумотига кўра, зилзила ўчоғи ер юзасидан 10 километр чуқурликда жойлашган. Ер силкиниши Генерал Сантос шаҳри яқинида қайд этилган бўлиб, кучли тебранишлар минтақанинг бир қатор ҳудудларида сезилган.
Зилзиладан сўнг Филиппин Вулканология ва Сейсмология институти цунами хавфи юзасидан огоҳлантириш эълон қилган. Мутахассислар айрим қирғоқ ҳудудларида тўлқинлар баландлиги одатий даражадан бир метрдан юқори бўлиши мумкинлигини билдирган.
Шу муносабат билан Сарангани, Давао Оccидентал, Тави-Тави, Сулу, Басилан, Замбоанга дел Сур, Замбоанга Сибугай, Султан Кударат ва Жанубий Котабато провинсияларининг қирғоқбўйи ҳудудларида яшовчи аҳолига баландроқ жойларга эвакуация қилиниш ёки қуруқлик ичкарисига кўчиб ўтиш тавсия этилган.
