Амир Хон учинчи никоҳи ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

Амир Хон учинчи никоҳи ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

 

61 ёшли ҳинд киноси юлдузи Амир Хон учинчи марта уйланмоқда

Болливуд юлдузи Амир Хоннинг тўйи ҳақида тарқалган миш-мишлар ниҳоят ўз тасдиғини топди. У икки йилдан буён учрашиб юрган Гаури Спратт исмли аёлга уйланмоқда.

 

Амир Хон айни пайтда АҚШ бўйлаб саёҳат қилаётганини ва тўй хабари мутлақо ҳақиқат эканини таъкидлади:

 

“Биз 5 июль куни турмуш қурамиз”, дейди актёр.

 

Қизиғи шундаки, бундан бир неча ой аввал актёр муносабатларида қонуний никоҳ у қадар муҳим эмаслиги, Гаури билан шунчаки бирга яшаш ҳам улар учун етарли эканини айтган эди. Бироқ вақт ўтиши билан ҳинд киноси юлдузининг фикри бутунлай ўзгарган.

 

— Ҳа, бу ҳақиқат. Аммо ҳозир иккимиз ҳам муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканимизни ҳис қиляпмиз. Қалбимда мен аллақачон унга уйланганман. Шундай экан, муносабатларимизни расмийлаштириш севгимизнинг давомидир, дея қарорини очиқлади у.

 

Актёрнинг унаштирилган қайлиғи Гаури Спратт асли бенгалурлик бўлиб, у соғлом турмуш тарзи ва гўзаллик саноати соҳасида муваффақиятли фаолият юритади. Амир Хон ўтган йили ўзининг 60 йиллик юбилей тантанасида илк бор бўлажак қайлиғини оммавий ахборот воситаларига таништирган эди.

 

Кейинчалик 61 ёшли актёр Гаури билан кўп йиллардан буён таниш бўлганларини, сўнгра қайта учрашиб, муносабатлари аста-секин чуқурлашиб борганини сўзлаб берди. Охирги пайтларда эса бу жуфтлик йирик оммавий тадбирлар ва фильм премераларида тез-тез бирга кўриниш бера бошлади

Амир Хон шу вақтгача икки марта уйланган. Унинг биринчи рафиқаси Реина Датта бўлиб, уларнинг Жунайд Хон ва Ира Хон исмли бир нафар ўғил ва бир қиз фарзанди бор. Кейинчалик у Киран Раога уйланган ва уларнинг никоҳидан Азад исмли ўғли дунёга келган. Ажрашган бўлишларига қарамай, Амир иккала собиқ рафиқаси билан ҳам дўстона муносабатларни сақлаб қолган ва фарзандлари тарбиясида уларга кўмаклашиб келади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: